Наманганга

Айтмасам-да, битта сўз шоирона,

Аввало, ёзаман офариннома,

Кўксимга қўлларим қўйиб, шарқона

Таъзимлар қиламан Наманганга мен!

Бағрида яйратар дала-ю даштим,

Айро тушсам, кўзда тинмайди ашким,

Онам алласидан бошланган ишқим,

Таъзимлар қиламан Наманганга мен!

Чустий ғазаллари бахш этар илҳом,

Кўнглим сокингина олади ором,

Саҳар чоғи бўлиб табиатга ром,

Таъзимлар қиламан Наманганга мен!

Машрабдайин зотлар яшаган юрт бу,

Усмон Носир юрак тўшаган юрт бу,

Баҳор бағрида мангу яшнаган юрт бу,

Таъзимлар қиламан Наманганга мен!

Аждодлар нафаси бордир гулларда,

Шеърларини жўшиб куйлаб тилларда,

Яшаяпмиз улар кутган йилларда,

Таъзимлар қиламан Наманганга мен!

Бобурмирзо МИРЗАХОЛОВ.