ГЛОБАЛ МУАММОГА АЙЛАНМОҚДА
«Сув – бу ҳаёт», -дейди доно халқимиз. Ҳақиқатан ҳам, сув табиатда, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсида, инсон ҳаётида муҳим роль ўйновчи фактор ҳисобланади. Ер юзида фойдаланиладиган сув миқдорининг 93 фоизи қишлоқ хўжалигида, 4 фоизи саноатда ва қолган 3 фоизи эса ичимлик ва маиший хизмат соҳаларида сарфланади. Бугунги кунга келиб, жаҳон миқёсида сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш масаласи глобал муаммодир.
Айни пайтда дунёнинг кўплаб минтақаларида сув етишмаслиги доимий жараёнга айланган. Шу билан бирга, жаҳон аҳолисининг ҳар 10 нафаридан 4 таси тоза ичимлик суви етишмаслигидан азият чекмоқда. Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, бу жараён давом этиб, 2025 йилга борганда тахминан 5,5 млрд. киши тоза ичимлик суви танқислигига учраши мумкинлиги кутиляпти. Чунки жаҳонда чучук сувни ишлатиш ҳажми мунтазам ортиб бормоқда.
Туманимиз мамлакатимиздаги сув ресурсларга бой бўлган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Аммо айрим кишиларнинг лоқайд ва эътиборсизлиги туфайли баъзи жойларда сув таъминотида муаммолар юзага келмоқда. Жумладан, меъёрдан ортиқ равишда сув ишлатиш, томорқа экинларини тоза ичимлик сувидан суғориш натижасида юқоридаги муаммолар келиб чиқяпти. Бу каби ҳолатлар қишлоқ жойларида кўпроқ кузатилади.
Бундан ташқари, мамлакатимизда сувдан оқилона фойдаланиш ва аҳолига тоза ичимлик сувини етказиб бериш тўғрисида қатор қонун ва қарорлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинганлигига қарамасдан, айрим хонадонлар, корхона, ташкилот, фермер хўжаликлари томонидан ичимлик сувини оқизиб қўйиш натижасида таъминотда узилишлар юзага келмоқда.
Биргина жорий йилнинг ўтган даври давомида ичимлик сувидан фойдаланиш қоидаларини бузган 85 нафар шахс аниқланиб, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди ва маъмурий жарималар ундирилди. Ҳозирги кунда «Уйчи пахта тозалаш» АЖнинг 65 млн. 325 минг, «Қизилравот хусусий чорва» ФХнинг 5 млн. 651 минг, «Қашқалдоқ Беруний» СИУнинг 3 млн. 931 минг, «Азизахон Ҳамроҳбегим» ФХнинг 2 млн. 200 минг сўм қарздорлиги мавжуд.
Юқоридаги каби ҳолатлар табиатимизга катта зарар етказади, қолаверса, сув танқислигини келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳам табиатнинг ҳар бир бўлагини асраб-авайлашимиз, хусусан, сув тармоқлари бенуқсон ишлашини таъминлашимиз, сув ресурсларидан тежаб-тергаб, оқилона фойдаланишимиз зарур.
Абдурашид МЎМИНОВ,
«Сувоқава» ШК туман бўлими бошлиғи, туман Кенгаши депутати.

