ҲАЁ ЛИБОСИ БИЛАН БЕЗАНАЙЛИК

Ойша онамиз (РА) айтадилар: хулқларнинг энг мукаррами 10 тадир:

Улар: сўзнинг ростгўй бўлиши, тилнинг ростгўй бўлиши, омонатдор бўлиши, силаи раҳм (қариндошлик алоқаларини узмаслик), яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтариш, эҳсон қилиб, саховатли бўлиш, қўшнига яхшилик қилиш, дўсту биродарларига яхшилик қилиш, меҳмонни улуғлаш. Юқорида зикр қилинган сифатларнинг энг аввали эса  бу ҳаёдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) марҳамат қиладилар: «Ҳаё иймоннинг шоҳидир». «Аввалги ўтган барча пайғамбарларнинг сўзларидан: «Агар уялмасанг, нимани хоҳласанг шуни қилавер». Али (РА) айтадилар: «Кимки ҳаё кийимига бурканса, унинг айбу нуқсонларини инсонлар кўрмайдилар. Ҳаё билан бурканган юз қутида беркинган гавҳарга ўхшайди». Аллоҳ таоло берган неъматларига қаноат қилишлик омонатдорликка далилдир, омонатдорлик эса шукр этишга далилдир, шукр этишлик эса зиёдаликка, зиёдалик эса неъматларнинг боқий қолишига, улардан энг улуғ сифат эса бу ҳаёдир. Ҳаё ҳамма яхшиликларга далолатдир. Инсонда исломдаги мақталган сифатлардан ҳаё сифати бўлса, гарчи инсон Аллоҳ таолони кўрмаса ҳам, у мени кўриб турибди-ку, деб ҳамма номақбул ишлардан қайтади, уялади. Ёмон ишлардан қайтиш эса инсоннинг икки дунё бахт-саодатига эришиши учун васила бўлади.

«Саҳиҳ Муслим»да Саид ибн Ос (РА)дан ривоят қилинади: Ойша (РА) онамиз айтадилар: бир куни Расулуллоҳ (САВ) менинг уйимда (тиззалари очиқ ҳолатда) ётган эдилар. Шунда отам Абу Бакр Сиддиқ (РА) киришга изн сўрадилар. У жаноб ўша ётган ҳолатларида у кишининг киришига рухсат бердилар. Ҳожатларини адо этиб, чиқиб кетдилар. Сўнгра шундай ҳолатларида ҳазрат Умар (РА) киришга изн сўрадилар. Ётган ўринларида у кишига ҳам киришга рухсат бердилар. У киши ҳам ўз ҳожатларини сўраб, чиқиб кетдилар. Шундан сўнг ҳазрат Усмон (РА) киришга рухсат сўрадилар. Пайғамбар (САВ) ўрниларидан туриб, кийимларини тўғрилаб, у кишининг киришларига рухсат бердилар. У киши ўз ишларини айтиб, чиқиб кетдилар. Ойша онамиз (РА) айтадилар: «Бу ҳолатдан ажабланиб, Расулуллоҳ (САВ)дан сўрадим: Эй Аллоҳнинг расули! Отам Абу Бакр кирди, ўрнингиздан турмадингиз, унинг ҳожатини адо этдингиз, ҳазрат Умар (РА) кирди у кишига ҳам шундай ҳолатингизда жавоб бердингиз. Ҳазрат Усмон (РА) кирганида эса кийимларингизни тўғрилаб, ўрнингиздан туриб ўтирдингиз», -деб сўрадим. Шунда У Зот жавоб бердилар: «Фаришталар ҳаё қиладиган инсондан мен ҳаё қилмайин-ми?»

Ҳаё шундай улуғ сифатлардан экан, Аллоҳ таоло барчаларимизни шарму ҳаё ниқоби билан безанишга, ҳар бир қилаётган яхши-ёмон ишларимизни Аллоҳ таоло кўриб турибди-ку, деган ҳаё билан зийнатланишга муяссар қилсин.

Абдуфаттоҳ МУСАХОНОВ,

«Девонабобо» масжиди имом хатиби.