УЙГА ҚУРУҚ ҚАЙТМАСИН…

Ҳа, шоир ёзганидек, ҳеч ким уйга қуруқ қўл билан қайтмасин. Бунинг учун эса кишининг касб-ҳунари, меҳнатга лаёқати, бир сўз билан айтганда, севимли иши бўлиши керак.

Рўзғорни бут қилишда аёлларнинг ҳам ўзига хос ўрни бор. Агар эр-хотин ҳам ишли бўлса, нур устига аъло нур.

26 май куни туман прокуратураси ташаббуси билан туман ҳокимлиги, туман бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида коллеж, олий таълим муассасалари битирувчилари, жазони ижро этиш жойларидан қайтган ва ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш мақсадида туман маданият ва аҳоли дам олиш марказида бўш иш ўринларининг “Меҳнат ярмаркаси” ўтказилди.

-Бугун 52 та корхона, ташкилот ва муассаса 225 та бўш иш ўрни билан қатнашди, -дейди туман бандликка кўмаклашиш маркази директори Жаҳонгир Мадраҳимов. -“Меҳнат ярмаркаси”да 125 нафар ишсиз фуқаро иштирок этиб, улардан 64 нафарига мутахассислиги бўйича ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди. Шунингдек, 35 нафар ишсиз ёшга меҳнат қонунчилиги бўйича маслаҳатлар берилиб, 30 нафар коллеж битирувчиси билан тўрт томонлама шартномалар тузилди.

-“Меҳнат ярмаркаси”да иккита бўш иш ўрни билан қатнашдик ва мутахассислиги бўйича икки нафар фуқарони ишга қабул қилдик, -дейди “Водийгазтаъминот” УК “Уйчитумангаз” филиалининг кадрлар бўлими мутахассиси Жаҳонгир Парпиев.

-Уйчи қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежини 2010 йилда тамомладим ва бугунга қадар ишсиз эдим, -дейди фуқаро Дилмурод Меҳмонов. -Ушбу «Меҳнат ярмаркаси»да туман ободонлаштириш бошқармаси мен билан меҳнат шартномасини тузди. Мен бундан жуда мамнунман. Барча ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Шу куни «Меҳнат ярмаркаси» доирасида Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театри актёрлари томонидан саҳналаштирилган одам савдосининг олдини олишга қаратилган «Армон» номли спектакль намойиш этилди.

Тадбирда вилоят прокурорининг ўринбосари Бахтиёр Худойбердиев, туман прокурори Қодирхон Асқаров, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Илҳомжон Сатторовлар қатнашдилар.

Аброр ТОШМАТОВ.