СОҒЛОМ АЁЛ – СОҒЛОМ ЖАМИЯТ
Бирлашган маданият марказида Ўзбекистон «JEET KUNE DO» федерацияси вилоят бўлими режаси асосида Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлими, ЎзХДП туман кенгаши, туман хотин-қизлар қўмитаси, Республика «Нуроний» жамғармаси, «Маҳалла» ХЖФ туман бўлинмалари, туман тиббиёт бирлашмаси ва «Уйчинома» газетаси ҳамкорлигида «Соғлом аёл – соғлом жамият» мавзусида давлат гранти лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда аёллар саломатлигини мониторинг қилиш орқали соғлом авлодни дунёга келтириш, айрим касалликларни аниқлаб даволаш мақсадида 400 нафардан зиёд аёл бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.
Туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Р.Назарова, туман адлия бўлими бошлиғи Х.Қобилов, Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Т.Исматиллаев, «Қайноналар мактаби» раҳбари М.Тўхтамирзаевалар мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар, аҳолига яратилаётган қулай яшаш шароитлари ҳақида мулоҳазалар билдирдилар ва фуқароларнинг саволларига жавоб қайтардилар.
Ўзбекистон «JEET KUNE DO»федерацияси вилоят бўлими раиси, «Соғлом аёл – соғлом жамият» лойиҳаси раҳбари Жаҳонгир Раҳимов сўзга чиқиб, «JEET KUNE DO» спорт тури, жанг санъати ҳақида тушунчалар берди. Тадбир иштирокчиларига бу спорт тури ёшлар саломатлиги, камолоти учун энг зарур, ўз-ўзини ҳимоя қилиш, инсон руҳиятини, мулоҳазакорлигини ўстириш, ноқулай вазиятлар чоғида энг мақбул қарор чиқариш каби сифатларни тарбиялаши ҳақида батафсил маълумот берди.
Унинг раҳбарлигидаги «JEET KUNE DO» тўгараги ўрганувчилари томонидан жанг санъати кўринишларининг намойиш этилганлиги тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, мазкур анжуманда анъанавий таэквандо, кикбоксинг ассоциацияси вакиллари ҳам иштирок этиб, ўз чиқишлари билан олқишларга сазовор бўлдилар.
Тадбир сўнгида фаол иштирокчилар федерациянинг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, шу йил 21-22 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида «JEET KUNE DO» бўйича республика кубоги мусобақалари ўтказилди. Унда туманимиз вакиллари Азизбек Қорабоев (47 кг.), Иродахон Каримова (45 кг.) 3-ўринни, Аҳрорбек Олимжонов (44 кг.) 2-ўринни эгаллаб, медаллар соҳиби бўлишди.
Бундан кўринадики, Шарқ яккакурашининг бу тури туманимизда тобора оммалашиб бормоқда. Келгусида бу соҳада Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, байроғимизни юксакликка кўтарувчи ўғил-қизларимиз етишиб чиқишига ишончимиз комил.
Ўринбой МЎМИНОВ.

