АНЪАНАГА АЙЛАНМОҚДА

Наманган тажрибаси сифатида анъанага айланаётган «Устозларни йўқлаш куни» туманимизда ҳам кенг нишонланди.

Республика «Нуроний» жамғармаси  туман бўлими ташаббуси билан меҳнат фахрийси, маънавият ва маърифат жонкуяри, шоир Ўринбой Мўминов йўқланиб, устозга эҳтиром кўрсатилди.

«Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи», табаррук саксон ёшни қаршилаган устоз Сотиболди Насриддинов спортнинг  эркин кураш тури бўйича қирқ икки йил ёшларга мураббийлик қилган.

Устознинг шогирди, 3-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Абдуғаффор Режаббоев «Устозларни йўқлаш куни»да Сотиболди Насриддиновни йўқлаб, дуоларини олди.

** ** **

«Устозларни йўқлаш куни» мактабимизда ўзгача тарзда нишонланди. Ўқувчилар фахрий устоз, мактабимизнинг собиқ директори Ҳабибулло Нурматов хонадонига ташриф буюриб, кўнгилларини кўтаришди. Бундай ташриф бошқа фахрий устозлар хонадонига ҳам уюштирилди.

Одилжон МАҲАММАДАЛИЕВ,

39-мактаб директори ўринбосари.

** ** **

«Устоз – қадри буюк муаллим»  деб номланган маънавий-маърифий тадбиримизда фахрийлар – Муҳаббатхон Мамадалиева, Зарифахон Исоқова, Кимёхон Жўраева, Иброҳимжон Қулматовлар, Ғайрат МФЙ раиси Зулхумор Ҳусанова, мактаб ота-оналар қўмитаси раиси Тўланбой Ғаппоровлар иштирок этдилар. 9-синф ҳамда бошланғич синф ўқувчилари томонидан тайёрланган байрам дастурида Эъзоза Турғунпўлатова, Зебо Исмонжонова, Роҳатали Қурбонов каби истеъдод эгаларининг чиқишлари барчага манзур бўлди.

Гулхумор ОТАХОНОВА,

41-мактаб ўқитувчиси.

** ** **

Мактабимизнинг бошланғич хотин-қизлар қўмитаси ёрдамчиси Умида Асқарова ташаббуси билан ўтказилган «Сиздан бошланади асли тафаккур» деб номланган кечада меҳри дарё устозларга эҳтиром кўрсатилди. Ўқувчилар ижросидаги қўшиқлар, шарафли касб эгаларига бўлган самимий тилаклар рақсларга уланди.

Яйрахон УМРЗОҚОВА,

36-мактаб ўқитувчиси.

** ** **

Муассасамизда бўлиб ўтган байрам шодиёнаси «Сизга таъзимдамиз, азиз устозлар!» деб номланди. Мудира Ҳабиба Бекмирзаеванинг дил сўзлари билан бошланган тадбиримиз тарбиячи Шаҳло Усмонова, ёрдамчи тарбиячи Ҳалима Маматалиева, мусиқа раҳбари Бобур Умрзоқовлар тайёрлаган концерт дастурига уланди. «Жажжи профессор» гуруҳи кичкинтойлари ижросидаги шеър, қўшиқ ва рақслар барчага хушнудлик бағишлади.

Зарифа ЎЛЖАБОЕВА,

33-МТТ тарбиячиси.