МУНОСИБ СОВҒА

Японияда жамоат транспортларига ўқитувчи чиққудай бўлса, ёшидан қатъи назар, кишилар ўрниларидан туриб, унга жой бўшатишар экан.

-Сиз мамлакатнинг келажагини яратувчи ёш авлодга таълим-тарбия берасиз, -дея эҳтиром кўрсатишаркан.

Ўқитувчи, мураббий – хокисор халқ. У жиндаккина эътибордан боши осмонга етгудай қувонади. Жиндаккина дилхираликдан қалби изтиробга лиммо-лим тўлади. Аммо бу изтиробни у ташқарисига чиқармайди. Аламини ичига ютиб, ўз ёғида ўзи қовурилади-ки, ҳеч бир ҳодиса, ҳеч бир кимсадан нолимайди.

Дарсларни якунлаб, мактабдан қайтдим. Ёнида биттагина йўловчиси билан келаётган «Дамас» чироғини ёқиб, менга ишора берди. Қўл кўтардим. Ўрта ўриндиққа жойлашибоқ биринчи галда рўпарамдаги ёзувга кўзим тушди: «Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бугун ўқитувчилардан йўл ҳақи олинмайди».

Ич-ичимдан қувониб кетдим. Бу мен учун байрамдаги энг қадрли совға бўлди. Йўқ, бепул уйга етиб олганим учун эмас, асло. Жамиятимизда ўқитувчи, мураббийларга бўлган эҳтиромнинг шаклланиб бораётгани учун, бунинг дебочасини ўз кўзим билан кўриб турганим учун қувондим.

Иккинчи тарафдан бироз ноқулайлик чулғаб олгандай бўлди. Беихтиёр портфелимни гавдам билан яширишга уриндим, ўқитувчи эканимни ошкор қилгим келмади.

Олд ойнадан мени бир-икки синчиклаб кузатган ҳайдовчи йигит охири сўрашга жазм этди.

-Ака, янглишмасам, ўқитувчисиз-а?

-Ўқитувчиман, -жавоб бердим.

У мени байрам билан табриклади, сўнгра машинасида ташкил қилган «байрам акцияси» ҳақида гапирди. Ўзини Ҳусниддин дея таништирган бу йигит бошқа ҳайдовчилардан ҳеч бир жиҳати билан ажралиб турмайди. Аммо ота-онаси, устозларидан олган тарбия уни шундай жасоратга қўл уришга қадар олиб келди. Жасорат сўзи бироз баландпарвоз гапдай туюлар ким учундир. Бироқ беш юз, минг сўм учун «қирди-пичоқ» бўлаётган юзсиз киракашларни кўп учратамиз. Ана энди улар бир кунда ўнлаб йўловчини манзилига текинга элтиб қўйишдай машаққатни ўз амалиётида синаб кўрсинлар-чи! Бунга ҳамма ҳам жазм этавермайди.

Хуллас, манзилга етиб келдик. Ҳеч бўлмаганда, йўл ҳақининг ярмини олишга кўндирмоқчи бўлдим. Кўнмади. Қўл олиб хайрлашдик.

Ҳусниддин шу куни даромадсиз меҳнат қилгани аниқ. У неча-неча йўловчи педагогларга холис хизмат қилиш, уларнинг дуосини олиш эвазига фойдадан воз кечди. Аммо Аллоҳ топганига барака бериши ҳам аниқ. Энг қувонарлиси, у бошлаган ташаббусни қўллаб-қувватловчилар сафи тобора кенгайиб боради. Мен бунга аминман. Зеро, яхшилик уруғи сепилган жамиятда эзгулик боғи барпо бўлишига шубҳа йўқдир.

Абдул ҲАКИМ.