ТЕЛБА ОШИҚ ТЎККАН «ШЎРВА»
Қаҳрамонимиз, Наманган шаҳрилик О.А. севги ҳақидаги олди-қочди фильмларни кўравериб, улардан қаттиқ таъсирланган экан чоғи, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ишларни ихтиёр этди. Хуллас, севган қизи М.М.нинг бошқа йигитга унаштирилгани ҳақидаги хабардан буткул ўзини йўқотди. Қизи унаштирилган йигит билан боғланиб, сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилди, М.М. билан ўрталаридаги муносабатни баён қилди. Оқибатда тўйнинг бузилишига эришди. Ушбу жазо билан қониқмаган О.А. бошқа қабиҳликка қўл урди. Тун ярмидан оққанда, М.М.лар хонадонига бориб, девор орқали уй томига чиқди. Бензин қўйиб, ўт ёқди. Хонадон эгаларига ўзи билан олиб келган пиротехника воситалари орқали «огоҳлантириш» берди. Бўлиб ўтган воқеа оқибатида хонадон 5 млн. 119 минг сўм зарар кўрди.
Юқоридагиларга кўра телба ошиқ О.А. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилди. Эндиликда у қонун олдида жавоб беради.
Комилжон УБАЙДУЛЛАЕВ,
туман ИИБ ҳузуридаги ТБ катта терговчиси, майор.

