САБРЛИ БЎЛАЙЛИК

Раҳматли биринчи Президентимиз И.А.Каримов вафот этганда, халқимиз қайғуга ботиши билан бирга, «Энди мамлакатни ким бошқаради?» -деган ҳадиклар пайдо бўлган эди.

Яратганга беадад шукурким, пешонамизга яна бир доно, жасур, элпарвар Юртбоши ато этилди. Бу инсоннинг Президент сифатидаги илк чиқишидаёқ унинг ғоят тадбирли, қатъиятли, ҳалол ва мард инсон эканлигининг шоҳиди бўлдик ва хавотирларимиз тарқаб кетди.

Шавкат  Миромонович «Қўшнинг тинч – сен тинч», деган ақидага амал қилиб, энг аввало, қўшни давлатлар билан аҳил қўшничилик ва муросани йўлга қўйдилар. Бу билан кўплаб хавф-хатарлар бартараф бўлди ва қон-қардош бўлган халқлараро яна меҳр-оқибат ришталари мустаҳкамланди.

Бу инсоннинг ақл-идрокига тан бермоқ лозимки, қаерда коррупция мавжуд бўлса, ўша ерда кимнидир чўнтагига тушаётган халқ бойлигини сақлаб қолиш чора-тадбирлари кўриб борилмоқда. Олий таълимда, тиббиётда, савдода, боғчалару мактабларда, қишлоқ хўжалигида, турли хизматлар  соҳасида адолат, шаффофлик қарор топмоқда.

Кексалар парвариши, болалар тарбияси, илм-фан ривожи, мамлакат ободончилиги, ишловчиларга яратилаётган қулайликлар, моддий ва маданий меросимиз муҳофазаси, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, маҳкумлар масаласи, муҳтожларга ёрдам, эл соғлигини сақлаш… санаб адоғига етиб бўлмайди эзгу ишларнинг.

Навқирон Уйчимизнинг янги қиёфасини ғоят гўзал тасаввур этмоқдаман олиб борилаётган, ҳали тарих кўрмаган улкан бунёдкорлик ишларидан!

Шу ўринда шунча улуғвор ишларни кўзи кўрмай, зиғирча камчиликни уялмай «достон» қилаётган, ўз манфаати йўлида кимларгадир орқа қилиб, қонунбузарлик билан мулк орттирмоқчи бўлаётганларни, кўча-кўйда шаллақиликни касб қилиб олиб, юзсизлик қилаётган сохта тадбиркорларни кўриб, «Эсиз, сенга инсонлик, ҳайф сендек беномусга!» -дегинг келади.

Азизлар! Худо хоҳласа, фаровон кунларимиз, саодатли айёмларимиз яқин қолмоқда. Муҳтарам Юртбошимиз бошлаган улуғвор ишлар якунига етса, дунёда биздан бахтли инсонлар бўлмайди.

Сабр қилайлик, ношукур бўлмайлик. Аҳил-иноқ бўлиб, ҳар биримиз зиммамиздаги вазифамизни ҳалол, виждонан адо этайлик. Шунда дориломон кунлар тезроқ келади.

Маҳмуджон ҚИРҒИЗОВ,

туман КТМПнинг тери-таносил касалликлари врачи.