ТЕКИН ЛУҚМА ТЕШИБ ЧИҚАР
Жиноят ишлари бўйича туман суди биносида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд раиси Ж.Мамуров раислигида судланувчи А.Ж.нинг жиноят иши кўрилди. Наманган шаҳри фуқароси бўлган А.Ж. муқаддам 2009, 2010, 2013 йилларда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг турли моддалари билан судланган ва амнистия акти билан озод этилган эди. Бундан етарли хулоса қилмаган бу шахс яна жиноятга қўл урди.
Маҳаллада мансабдор шахс бўлгани ҳолда хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, фуқаро И.Б.дан набирасининг икки ёшга тўлгунига қадар бола парвариши бўйича нафақа тайинлаб бериш учун 500000 сўм моддий манфаат беришини сўрайди. И.Б. эса 400000 сўм беришини айтади. Ўзаро келишишгач, А.Ж. хизмат хонасида 400000 сўм пора олади. Бу билан у Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди. Унга уч йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифалари юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилингани ҳолда беш йил муддатга озодликни чеклаш жазоси белгиланди.
«Текин луқма тешиб чиқади», -деган нақл нақадар ҳаётий эканлиги яна бир бор исботини топди.
Ҳусанбой АҲМАДЖОНОВ,
туман прокурори ўринбосари.

