ТИЛ – ИЛОҲИЙ МЎЪЖИЗА

Статистик маълумотларга кўра, асримиз бошидан бугунги даврга  қадар дунёда 500 тадан ортиқ тил йўқ бўлиб кетган. Бу ҳафтасига 2 тадан тилнинг ўлик тилга айланиши, деганидир. Булардан шу хулоса келадики, ҳар қандай тил ривожланиш жараёнини бошдан кечиради, бу йўлда у турли хил ташқи таъсир, тўсиқ ва тажовузлар гирдобида қолиб кетади. Ана шу қийинчиликларни енгиб ўтган тилгина эртанги истиқболини белгилаб олади.

Бугун дунё бўйича 50 млн.дан зиёд киши жонажон тилимиз – ўзбек тилида мулоқот қилар экан. Бизнинг мукаммал, сержило, грамматик нуқтаи назардан пишиқ-пухта, замонавий лингвистика талабларига мос келадиган тилимизнинг мавжудлиги ва жаҳонда ўз ўрнининг борлиги билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Бу шундай илоҳий тилки, унда Алишер Навоий «Хамса» яратди. Бобур, Машраб, Нодира, Увайсий каби адибларимиз назм гулшанига гулдасталар тақдим этди. Бу тилга «Гамлет», «Отелло», «Шоҳ Эдип», «Илоҳий комедия»лар зўр салоҳият билан ўгирилдики, асл мазмунини мутлақо йўқотмади. Пушкин, Толстой, Есенин, Тагор, Руставели, Айтматовларнинг шоҳ асарлари юқори бадиийлик, юксак дид ила таржима қилинди. Мумтоз ва лирик куй-қўшиқларимиз пайдо бўлиб, жаҳон тингловчисини ҳали-ҳануз ҳайратга  солиб келмоқда.

Тил ҳар бир халқ, миллат учун берилган илоҳий мўъжиза, инъом, бебаҳо хазина. Бас, шундай экан, унга бўлган муносабат ҳам шунга яраша бўлмоғи шарт. Биз ўзбек тилимизга тажовуз ҳақида гап кетганда, кўпроқ собиқ иттифоқ даврини ёдга оламиз. Ўша даврда юз берган тайзиқлар, рус тилини сунъий равишда бош планга кўтаришлар хусусида ёрқин мисоллар келтириб гапирамиз. Бу инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Бироқ ана шу тазйиқ остида ХХ аср ўзбек адабиёти қандай чўққиларни забт этганини ҳам унутмаслик лозим. Ўша даврнинг дурдона ижод маҳсуллари – роману қиссалар, назмий асарлар бугун ҳам олтин фондимизни тўлдириб келмоқда. Драма ва комедияларимиз дунё саҳналарини «кезди». Илмий ва публицистик материалларимиз бутун башар манфаатлари учун хизмат қилди. Бир сўз билан айтганда, тилимиз тазйиқлару тақиқлар исканжасидан чиқиб, ўз йўлидан олға интилишга куч топди.

«Тил тўғрисида»ги Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилганига 30 йил тўлди. Унинг бардавомлиги, умрбоқийлиги ҳақида қайғурадиган мутасадди-ю мутахассисларимиз бугун ҳам тинимсиз изланишлар олиб бормоқдалар. Улар орасида ёшларнинг сафи кенгайиб бораётгани қувончли ҳолдир. Бироқ кўпгина соҳада, хусусан, санъатнинг кино, театр, шоу бизнеснинг тилга беэътиборлик билан ёндашилаётган маҳсулотларини кўриб, дилинг хира тортади. Чунки улар омма учун тақдим этилиши билан ҳам хатарлидир. Бу йўлда тилга бефарқ миллатдошимизнинг ўзи бўлмаслиги керак. Энг аввало, унутмайликки, ўзбекзабон кишиларнинг учдан бир қисми мамлакатимиздан ташқарида, ер шарининг турли нуқталарида истиқомат қилади. Уларнинг ҳам эртанги истиқболи айнан бизга боғлиқ. Аниқроғи, тилимизга бўлган тўғри муносабат унинг бутун дунёда ҳам кенгайиб бориши, сўзлашувчилар сафининг кўпайишига олиб келади.

Абдул ҲАКИМ.