ОВҚАТДАН ЗАҲАРЛАНИШДАН САҚЛАНИНГ

Бугунги кунда бозорларимиз ва савдо дўконларидаги сотувга қўйилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг хилма-хиллиги кўзни қувонтиради. Бироқ сотувдаги ушбу маҳсулотларнинг баъзилари сифати ва хавфсизлиги жиҳатдан истеъмол учун яроқли эмаслиги кўпчиликни ташвишлантиради. Сифати ва хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжатларига эга бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида кишида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари кузатилиши мумкин. Бу овқат токсикоинфекцияси ўткир юқумли касаллигидир. Овқат орқали меъда-ичак йўлларига кирган патоген микроблар ёки уларнинг маҳсулотлари таъсирида ривожланувчи зарарланиш бўлиб, меъда, ичак, асаб, юрак-томир тизимлари фаолиятининг бузилишига олиб келади.

Овқат токсикоинфекциялари – таркибида бактериялар токсини бўлган овқатларни истеъмол қилганда юзага келади. Бунда кўнгил айниш, қусиш, эпигастрал соҳада оғриқ, иштаҳанинг пасайиши, дегидратация ва деминирализация синдроми (кўп миқдорда сув ва электролитларнинг йўқотиш натижаси), ич кетиш каби белгилар кузатилиши мумкин.

Бунга сабаб бўлувчи микроблардан бири «Стафилакоккларнинг энтероген штаммлари»дир. Стафилакоккларнинг манбаи йирингли ўчоқлари бор одамлар ҳисобланади. Улар, асосан, соғлом одамларга зарарланган сут ва сут маҳсулотлари орқали юқади. Ёз мавсумида музқаймоқ, айрон, қуртоб ва бошқа турдаги сут маҳсулотларини тайёрлашда санитария-гигиена қоидаларига ҳамда тайёрлаш технологияларига тўлиқ амал қилмаслик натижасида маҳсулотлар турли хилдаги касаллик қўзғатувчилари билан зарарланади.

Сотувга чиқарилаётган ҳар бир турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини давлат томонидан мунтазам назорат қилиб бориш мақсадида бир қатор қонун ва қарорлар қабул қилинган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунининг 14-моддасида мажбурий сертификатланадиган озиқ-овқат маҳсулоти юридик ва жисмоний шахслар томонидан озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини тасдиқлайдиган мослик сертификати ёки мувофиқлик белгиси бўлган тақдирда реализация қилинади, озиқ-овқат маҳсулотини чакана сотиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади, озиқ-овқат маҳсулоти билан савдо қилишга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шу мақсадлар учун ажратилган жойларда йўл қўйилади. Қуйидаги ҳолларда озиқ-овқат маҳсулотини реализация қилишга йўл қўйилмайди: маҳсулот сифати белгиланган нормалар талабларга мувофиқ бўлмаса, мажбурий сертификатланадиган маҳсулотлар учун эса мослик сертификати бўлмаса, сақлаш ва реализация қилиш учун тегишли шароит бўлмаса, яроқлилик муддати тугаган бўлса, маҳсулот қалбакилаштирилган бўлса, маҳсулотларни таққослаш мумкин бўлмаса.

Бироқ бугунги кунда айрим “тадбиркорлар” томонидан сифати ва хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжатларга эга бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Тумандаги бундай фуқаролар фаолияти юзасидан туман ИИБ, ДСИ ҳамда ДСЭНМ ходимлари томонидан қўшимча тадбирлар ўтказиш давомида чек қўйилиб, жавобгар шахсларга нисбатан амалдаги қонунлар асосида белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.

Олимжон АБДУБОҚИЕВ,

туман ДСЭНМ санитария врачи,

Акбарали АБДУЛЛАЕВ,

врач ёрдамчиси.