«МАКТАБ – МАҲАЛЛА НИГОҲИДА»

Тошлоқ МФЙ ташаббуси билан 38-мактабда «Оила – маҳалла – таълим муассасаси» жамоатчилик кенгаши фаолиятини такомил-лаштириш юзасидан ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир ана шундай деб номланди.

Юртбошимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида уюштирилган ушбу тадбир аввалида мактаб ўқувчиларининг спорт бўйича кўргазмали чиқишлари бўлди. Шундан сўнг  мактаб кутубхонаси фаолияти билан танишилди.

Ўқувчи-ёшлар иштирокидаги маърифий, мусиқий тадбирда вилоятимиздаги таниқли хонанда Ҳамиджон Маллабоевнинг дилбар қўшиқлари, Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали драма театри актёри Маъруфжон Ниёзовнинг шеърий монологлари ўқувчилар ва тадбир меҳмонларида чуқур таассуротлар қолдирди. Шунингдек, мактабнинг иқтидорли ўқувчилари томонидан «Зумрад ва Қиммат» эртаги асосида саҳналаштирилган кўриниш намойиш қилинди.

Шу куни Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Т.Исматиллаев, туман ФҲДЁ бўлими мудири З.Атахановалар ёшлар билан мулоқот қилишди. Улар ўтган тўққиз ой давомида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари натижасида  маҳаллада жиноят содир этилмаганлигига алоҳида тўхталишди.

Умиджон СУЛТОНОВ,

Тошлоқ МФЙ масъул котиби,

Дилфуза МИРЗАХАЛИЛОВА,

38-мактаб директори ўринбосари.