ВИРУСЛИ ГЕПАТИТ КАСАЛЛИГИ

Ҳозирги кунда тиббиёт фанига вирусли гепатитларнинг 5 та (А, В, С, D, Е) турлари маълум бўлиб, улардан энг кўп учрайдигани, бошқа турга нисбатан енгил кечадиган, оғир асорат қолдирмайдиган, сурункали вирус ташувчанлик пайдо қилмайдиган тури бу вирусли гепатит «А»дир.

Халқимиз орасида «сариқ касаллиги» номи билан аталувчи вирусли гепатит «А» хасталиги ўткир юқумли касаллик бўлиб, соғлом одамга фекал-орал механизми, яъни оғиз орқали шу вируслар билан зарарланган сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-сабзавотлар, ифлосланган қўл ва уй-рўзғор буюмлари орқали юқади.

Ушбу касаллик билан оғриган беморнинг нажаси, сийдиги орқали вируслар ташқи муҳитга ажралиб чиқади. Бемор чиқиндиси билан зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари, мева, полиз маҳсулотлари ва сув орқали соғлом одам организмига тушиб, касаллик келтириб чиқаради. Бундан ташқари, бемор билан яқин мулоқотда бўлганлар, идиш-товоқлари, уй-рўзғор анжомлари ва ўйинчоқлар орқали ҳам юқиши мумкин. Касалликнинг тарқалишида ёз ва куз ойларида пашшалар катта роль ўйнайди. Пашшалар касаллик вируслари билан ифлосланган қанотлари ва оёқ панжалари орқали вирусни бир ердан иккинчи ерга ташиб юради ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларига қўниб, ифлослантиради.

Гепатит Е кўпроқ ифлосланган сув орқали тез тарқалади ва касаллик оғир кечади. Оқаётган сувни кўпинча тоза деб, қайнатмай истеъмол қиламиз, лекин ҳар хил юқумли касаллик микроблари ва вируслари билан ифлосланган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар қандай сувни қайнатиб истеъмол қилиш керак. Гепатит Е касаллиги билан, асосан, ҳомиладор аёллар кўпроқ оғрийдилар. Бундай беморларда жигар соҳасида оғриқ бўлиб, касалликдан сўнг асорат қолиши мумкин.

Касалликнинг яширин даври 15-30 кун. Кўп ҳолатларда касаллик гриппга ўхшаш белгилар билан бошланади ва хасталикнинг дастлабки 3-кунларида тана ҳарорати 38-39 даражагача кўтарилиб, кейинги кунларда меъёрга тушади. Касалликнинг дастлабки кунларида кўз, оғиз ва юмшоқ танглайнинг шиллиқ қаватларида енгил сариқлик пайдо бўлади ҳамда беморнинг сийдиги қорамтир тусга киради.

Ҳозирги кунда вирусли гепатит А (сариқ) касаллигининг олдини олиш учун, энг аввало, фарзандларимизни бу касал-ликка қарши эмлатиш зарур. Эмлаш ишлари марказий полик-линика ҳамда ҳудудингиздаги қишлоқ врачлик пунктларидаги эмлаш хоналарида ўз ҳисобингиздан амалга оширилади.

Назира АҚИЛОВА,

туман ДСЭНМ эпидемиология бўлими врачи,

Дилноза ХАЛИЛОВА,

врач ёрдамчиси.