ОТА-ОНАЛАР ИШТИРОКИДА
Бугунги кунда ёшлар маънавияти, китобхонлик маданиятини юксалтиришга бўлган эътибор кун сайин ошиб бормоқда. Ёшларни китобга ошно этишда, бадиий асарларни тафаккур билан ўқиб, мазмун-моҳиятини тушунишда она тили ва адабиёт фанининг ўрни жуда муҳим. Маълумки, октябрь ойи мактабларда она тили ва адабиёт фани ойлиги ҳисобланади. Ушбу ойлик доирасида ҳамда мамлакатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 5-11-синфлар ўқувчилари ўртасида «Она тилим – жону дилим» мавзусида иншолар танлови, синфлар кесимида баҳри байт мусобақалари, тонгги сафланишларда тилимизнинг бугунги кундаги аҳамияти, нутқ маданияти ва унга амал қилиш, инсон ҳаётида адабиётнинг ўрни ҳақида кичик тадбирлар, она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари томонидан очиқ дарслар ўтказилмоқда.
5-«А»синфда «Гап бўлаклари» мавзусида ўтказган очиқ дарсимда ўқувчиларнинг ота-оналари қатнашдилар. Икки гуруҳга бўлинган ҳолда, ноанъанавий усулда ўтилган машғулотда гуруҳлар билан ишлашда адолат ва тенглик, аҳиллик ва бирдамлик тамойилларига амал қилдим. Билимларини эркин тарзда намоён этолган ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам фарзандларининг илм олишга бўлган иштиёқидан фахрланишди. Дарс Муҳаммад Юсуфнинг «Она тилим» шеъри билан якунланди.
Ўйлайманки, бундай интерфаол дарслар, адабий тадбирлар ўқувчиларимиз билимларини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга.
Сайёра ҒАФФОРОВА,
28-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

