ЮТУҚЛАР ЯНГИ МАРРАЛАР САРИ УНДАЙДИ

-2004 йилда фаолиятини бошлаган масканимиз ўтган йиллар давомида кўплаб ютуқларни қўлга киритди. Биргина 2018-2019 ўқув йилини оладиган бўлсак, 9 нафар ўқувчимиз фан олимпиадасининг вилоят босқичида муваффақиятли қатнашди ва аввалги йилларга нисбатан ўқувчиларимизнинг вилоят босқичидаги иштироки 4 нафарга ортди.

«Ёш қутқарувчи» мусобақасининг вилоят босқичида «Ёш қутқарувчи» кўнгиллилар клуби аъзолари фахрли иккинчи ўринни қўлга киритдилар. 34-АТХ гуруҳи ўқувчиси Иброҳим Абдураҳимов «Энг ёш фаол касб эгаси» танловининг вилоят босқичида иштирок этиб, республика босқичида қатнашиш шарафига мушарраф бўлди.

Бухоро вилоятида ўтказилган «Йилнинг энг яхши ахборот-ресурс маркази» кўрик-танловининг республика босқичида мактаб ахборот-ресурс маркази ходимлари вилоятимиз шаънини ҳам муносиб ҳимоя қилиб, фахрли иккинчи ўринни эгалладилар.

Юртбошимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова билан уюштирилган ижодий учрашув, Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Тўра Ибрат мажмуасига саёҳат, китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган «Энг яхши китобхон» танлови барчада катта қизиқиш уйғотди, унутилмас таассуротлар қолдирди.

Масканда фойдаланилмай бўш турган ўқув хонасида Ширмонхон Асқарова томонидан тикувчилик корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Бу ерда ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлаш ва коллеж битирувчилари амалиётни сифатли ўташлари учун имконият яратилди.

Жорий ўқув йилига ҳам пухта тайёргарлик билан келинди. Жумладан, коллеж биносининг олд қисми, спортзал, фаоллар зали замонавий услубда таъмирланди. Ёшларнинг чуқур билим олиб, касб-ҳунар сирларини пухта эгаллашлари, спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун шарт-шароитлар муҳайё этилди.

Мамлакатимиз раҳбарининг 2019 йил 6 сентябрдаги «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5812-сонли Фармони асосида 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикасида Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари тармоғи ташкил қилиниши белгиланди.

Мазкур Фармоннинг 1-иловасига мувофиқ бизнинг Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежимиз тумандаги 1-сон касб-ҳунар мактабига айлантирилди. Бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасаси сифатида 2020-2021 ўқув йилидан 9-синф битирувчиларини мактабимизга қабул қиламиз. Кадрлар тайёрлаш умумтаълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда 2 йиллик умумтаълим ва мутахассислик фанларининг интеграциялашган дастурлари асосида кундузги таълим шаклида амалга оширилади.

Таълим оладиган ўқувчилар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ойлик стипендия ҳамда уч маҳал овқат билан таъминланади. Жорий сақлаш, фаолиятни юритиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва кадрлар тайёрлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган.

Касб-ҳунар мактабимиз кўп тармоқли бўлиб, 1530 ўринга мўнжалланган. Биринчи босқичда 9-синф битирувчиларидан 800 нафарини қабул қилишни режалаштиряпмиз. Асаларичилик, иссиқхона, балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик, ветеринария, энергетика, тикувчилик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, электргазпайвандчи, алоқа, компьютер йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади. Битирувчиларга диплом ва разряд гувоҳномаси берилади.

Юксак салоҳиятли кадрларни тайёрлаш – асосий мақсадимиз. Бунинг учун бутун жамоамиз изланиб, янгиликка интилиб, фаолият юритишга астойдил киришган.

Акмалшер ҒАНИЕВ,

1-сон касб-ҳунар мактаби директори.