МАЪНАВИЯТ ФЕСТИВАЛИ
Республика маънавият ва маърифат маркази, «Маърифат тарғиботчилари» жамияти ташаббуси билан ташкил этилган «Маънавият фестивали» Наманганда кўтаринкилик билан ўтди.
Фестиваль давомида 21 октябрь – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Тўрақўрғон шаҳридаги маданият марказида «Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Фестиваль иштирокчилари Тўрақўрғонда жойлашган Исҳоқхон Тўра Ибрат мактаби, мажмуаси ва у ерда жойлашган музей билан яқиндан танишдилар. Иштирокчиларга ушбу мажмуада жойлашган мактабда ўқувчиларга яратилган шарт-шароитлар ва музейда акс эттирилган Ибратнинг ибратли ҳаёти юзасидан қимматли маълумотлар берилди. Куннинг иккинчи қисмида фестиваль иштирокчилари Ахсикент – очиқ осмон остидаги музейга ташриф буюрдилар. Ташриф давомида иштирокчиларга қадимий Ахсикент ҳақида маълумот берилди. Биринчи кун Наманган шаҳридаги Ўрта Осиёда ягона бўлиши кутилаётган «Афсоналар водийси» паркида бўлиб ўтган «Ободлик кўнгилдан бошланади» шиори остидаги маънавий-маърифий тадбир билан якунланди. Ушбу тадбир давомида 10 дан ортиқ тадбиркор ва фермерлар ўзлари ўқиган мактабларга 500 дан ортиқ бадиий адабиётлардан иборат китоб жамланмаларини совға қилдилар.
Уйчи ва Чортоқ туманлари бўлинмаси томонидан Наманган шаҳар 11-болалар мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган вилоят «Нуроний» жамғармаси ҳамкорлигидаги «Бобом, бувим ва мен» мавзусидаги тарғибот тадбирида маънавият фахрийлари ва уларнинг иқтидорли набиралари муносиб тақдирланди.
Машҳура УБАЙДУЛЛАЕВА,
2-мактаб ўқитувчиси.

