АДЛИЯ ОРГАНЛАРИ – ТАДБИРКОРЛАР КЎМАКЧИСИ

Адлия органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳамда хорижий инвесторларга амалий ёрдам бериш йўли билан уларнинг мурожаатлари ўрганиб чиқилмоқда, шунингдек, муаммолари бартараф этилиб, қаноатлантирилиши таъминланмоқда.

«Тўрақўрғон чорва маҳсулот» фермер хўжалиги раҳбари Н.Мамаджоновнинг ТИФ «Миллий банк» ва АТБ «Халқ банки» Уйчи туман бўлими мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг веб-сайтига йўллаган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш жараёнида  фермер хўжалиги раҳбари томонидан 5 нафар фуқарога етказиб берилган қорамоллар учун ТИФ «Миллий банк» Уйчи туман филиали томонидан жами 146594000 сўм ҳамда 3 нафар фуқарога етказиб берилган қорамоллар учун АТБ Халқ банки Уйчи бўлими томонидан жами 72324000 сўм пул маблағлари тўлаб берилиши лозим бўлса-да, банкларда ресурс маблағлари мавжуд эмаслиги сабабли ҳозирги кунга қадар мазкур тўловлар амалга оширилмаганлиги аниқланди.

Таъкидлаш керакки, фермер хўжалиги раҳбарининг муқаддам ёзган аризаларини ўрганиш якуни бўйича банк ходимлари томонидан суҳбат баёни ва далолатномадаги Оқтош МФЙ раиси имзолари сохталаштирилганлиги баён этилган.

Юқоридагиларга кўра, ТИФ «Миллий банк» Уйчи филиали ва АТБ Халқ банки Уйчи бўлими томонидан фуқароларга етказиб берилган қорамоллар учун белгиланган тўловларни зудлик билан тўлаб бериш чораларини кўриш юзасидан тақдимнома, шунингдек, тақдимномада Оқтош МФЙ раисининг имзоларини сохталаштирган масъул ходимларга нисбатан интизомий жавобгарлик чораларини кўриш масаласи киритилди.

Гулнора КАРИМЖОНОВА,

Азизбек ЁДГОРОВ,

вилоят адлия  бошқармаси ходимлари.