САЙЛОВЛАР ОШКОРАЛИК ИФОДАСИ
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 20 сентябрдаги «Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга депутатлар сайлови бўйича сайлов компанияси бошланганлигини эълон қилиш тўғрисида»ги 944-сонли қарори ва мазкур қарор билан тасдиқланган тадбирлар дастури асосида вилоятимизда сайловларга пухта тайёргарлик кўриш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.
Вилоятимиз ҳудудида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 13 та, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та, шаҳар ва туманлар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 357 та сайлов округлари тегишли комиссиялар томонидан белгиланган муддатларда тузилди ва матбуотда эълон қилинди.
Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 23 июлдаги 926-сонли «Сайлов қонунчилиги ва ахборот коммуникацион технологиялар бўйича тизимли ўқитишни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида жорий йилнинг август ойидан бошлаб барча бўғиндаги сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларни ўқитиш, сайлов қонунчилиги бўйича сайлов ташкилотчиларининг билимини ошириш борасида 3504 нафар комиссия раиси, ўринбосари ва котиблари учун семинар тренинглар ташкил қилиб келинмоқда.
Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими бўйича ҳар бир округ ва участка сайлов комиссияларининг компьютер операторларини сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати билан ишлаш юзасидан билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ўқув машғулотлари ҳозирги кунда давом эттирилмоқда.
Куни кеча Наманган ёшлар марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди, келгуси вазифалар белгилаб олинди.
Гавҳархон ВАЛИЕВА,
туман Кенгаши депутати, 19-мактаб ўқитувчиси.

