«КЕЛГУСИ АВЛОД ЕТАКЧИСИ»
Швециялик 16 ёшли мактаб ўқувчиси Грета Тунберг ўтган ойда дунё жамоатчилигининг эътиборини тортди. У Нью-Йоркда ўтган БМТ саммитида жаҳондаги давлатлар раҳбарлари ва сиёсатдонларга қарата шундай баёнот берди: «Сизлар пуч ваъдаларингиз билан менинг болалигим ва орзуларимни поймол қилмоқдасиз. Одамлар қийналяпти. Бутун экологик тизим ҳалокатга учрамоқда. Биз оммавий қирилиш остонасида турибмиз, сизлар эса фақат поёнсиз иқтисодий тараққиёт ҳақида эртак айтишдан ва мол-дунё васвасасидан чарчамаяпсизлар. Бунга қандай ботинасиз? Қандайдир технологиялар ёрдамида одатий бизнес юритиш орқали ҳаммасини тўғрилаш ҳақида эртаклар айтасиз. Табиатдаги чиқиндилар даражаси шуни кўрсатмоқдаки, 8,5 йилдан сўнг СО2нинг қолган қисми бутунлай тамом бўлади. Сизлар бизни ноилож қолдирмоқдасиз. Аммо ҳозирги ёш авлод қилмишларингизни яхши англаб турибди. Агар ақл билан иш тутмасангизлар, биз сизларни кечирмаймиз».
Грета Тунберг ўтган йилнинг августида Швеция парламенти олдида ҳар жума куни сиёсатчиларга «Иқлим тўғрисида»ги Париж битими шартларини бажариш чақириғи билан намойиш уюштириб, дунё назарига тушган эди. Бу билан Тунберг ва унинг Fridays for Future ҳаракати ҳуқуқни ҳимоя қилувчи Amnesty international ташкилотининг «Виждон элчиси» унвонига сазовор бўлди. Фаоллиги, довюраклиги, табиатга бўлган муҳаббати, инсоният тақдири учун қайғуриши туфайли Гретани халқаро Нобель мукофотига тавсия этишди. Американинг «Тайм» журнали уни «Келгуси авлод етакчиси» деб атади.
Грета иқлим ўзгаришлари ҳақида 8 ёшлигида тасаввурга эга бўлди ва шундан бери у битта саволга жавоб излайди: «Нима учун катталар инсониятга қандай хатар хавф солаётганини билганлари ҳолда зарур чораларни кўрмайдилар?»
Экологик хатар дунёда, жумладан, бизнинг Ўзбекистонда ҳам хавф солмоқда экан, бизлар ҳам бу борада фаоллик кўрсатмоғимиз лозим. Маҳаллаларда, муассасаларда тозалик, озодалик, чиқиндиларнинг тартиб билан, ҳеч кимга зарар келтирмаган ҳолда ташиб кетилишига, тартиб бузувчиларга муросасиз бўлишга, рухсатсиз дов-дарахтларни кесмасликка, атроф-муҳитни кўкаламзорлаштиришга ҳисса қўшмоғимиз фуқаролик бурчимиз бўлмоғи шарт.
Ёшларимиз орасидан Грета Тунберг издошларини кутамиз.
Ҳа, айтмоқчи, Грета сўз ва иш бирлигига амал қилган ҳолда иқлимга салбий таъсири бўлганлиги учун самолётда учмас экан.
Сардорбек ОБИЛОВ,
НамДУнинг табиий фанлар факультети 3-босқич талабаси, Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси.

