АЙБИГА ИҚРОРЛИГИ УЧУН

Масъул лавозимда ишлаётган ҳар қандай ходим ўз вазифасига, бурчига содиқлик билан фаолият юритса, иши олға босади, топгани ҳалол, юзи доим ёруғ бўлади. Нафс сўзига кириб, шайтон йўлига юрса, обрўсини йўқотади, иши унмайди, лавозими пастлайди, эл олдида юзи шувут бўлади.

Шифо масканида масъул вазифада ишлаган Х.А. адашганлардан бўлиб чиқди. У 2018-2019 йилнинг февралига қадар пулли хизматдан тушган жами 17501900 сўм пул маблағларини ўз вақтида топшириши лозим бўлгани ҳолда ўзлаштириб юборди. («Ҳар ишни қилма орзу, ҳар жойда бор тош-тарозу», -деган мақолни эшитмаган шекилли).

Текширишлар чоғида камомад аниқланди. Х.А. нима қилиб қўйганини ҳис этди чоғи, давлатга етказган моддий зарарни тўлиқ қоплаб берди, фуқаровий даъвогар уни кечирди. Айбдор ўзи ҳам айбига тўла иқрор бўлди, кечирим сўради.

Мазкур жиноят ишини кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича туман суди юқоридагиларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 661-моддасига асосан жиноят ишини тугатиш ҳақида ажрим чиқарди.

М.УМАРОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаментининг туман бўлими ходими.