ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН СОТИЛГАН ЕР

Баъзан кимдир хато қилиб, жиноят кўчасига кириб қолади. У қилмишига минг тавба тазарру қилиб, тўғри йўлдан юришга, жамиятдаги қонун-қоидаларга бўйсуниб яшашга астойдил бел боғлайди. Бундай шахсларга адолатли жамиятимизда доимо хатосини тўғрилаш имкони берилади. Аммо киши қайта-қайта жиноятга қўл урса, ҳар гал жиноятнинг турли жирканч кўринишларини «кашф» этаверса, унга қандай таъриф беришга ҳам, тўғри йўл кўрсатишга ҳам ўйланиб қоласан, киши.

Ҳамюртимиз Т.А. бир неча бор жиноят содир этиб, суднинг қора курсисида ўтирганлардан. У аввалги ҳаётидан, ўтмиш хатоларидан тўғри хулоса чиқармади. Фермер хўжалигида ишчи вазифасида ишлаб туриб ҳам фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкига эга чиқиш имконини топа билди. У хўжалик ҳисобидаги тутзордан уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиб беришини айтиб, 2 та 5 ва 6 сотихли жойни 2 нафар фуқарога жами 58 млн. сўм эвазига сотиб юборди. Бу пулларнинг бир қисмини аввалги қарзларига ётқизди, қолганини ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборди.

Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида атрофлича кўриб чиқилди. Айбланувчи Т.А. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Судланувчидан 58 млн. сўм маблағ давлат даромади ҳисобига ундириладиган бўлди.

А.ҲАКИМОВ,

туман прокуратураси терговчиси.