ЯХШИЛИКНИ БИЛМАСА – ҚИЙИН

Инсон зоти бу дунёга яхшилик қилиш, ҳалол яшаш учун келади. У тафаккур ато этилган ягона мавжудот бўлгани боис ақл билан иш тутади. Яхши-ёмонни, савоб-гуноҳни фарқлайди.

Аммо шундай одамлар ҳам борки, тўғри йўлга юрмайди, яхшилик қилишни истамайди, унга яхшилик қилинса, миннатдор бўлмайди.

Назорат остидаги А.Д. умрининг энг гуллаган даврида, ҳаёт завқини сурадиган паллада жиноят қилиб, бир неча бор судланиб, ақли кирмай, устма-уст қонунбузарликлар содир этиб, барча яқинларини ғам-аламга дучор қилмоқда.

2016 йил 18 ноябрда ЖИБ туман судининг ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 127-моддаси 3-қисми, 169-моддаси 3-қисмининг «а» банди, 59-моддаси билан 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. ЖИБ вилоят судининг ҳукми билан жазо муддати учдан бир қисмга қисқартирилди. Шу тариқа бир неча бор унга яхшилик қилиниб, жазо енгиллаштирилгани сайин у жазони ўташ тартибларига риоя этмай, ахлоқ тузатиш ишларидан бўйин товлаб келди. Беш марта тушунтириш ишлари олиб борилди, беш марта огоҳлантирилди, тушунтириш хатлари олинди. Бироқ натижа бўлмади. А.Д. яхшиликни билмади.

Юқоридаги ҳолатни ҳисобга олинган ҳолда 6 ой 2 кун бўйин товлагани, ўталмаган 1 йил 2 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси бошқа жазо турига алмаштирилди.

«Яхшиликни билганга қил», деган халқ мақоли нақадар ўринли эканлигига А.Д.нинг қилмишлари мисол бўлади.

Бекзод БЕКМИРЗАЕВ,

туман ИИО пробация гуруҳи инспектори, лейтенант.