ПИСА – ХАЛҚАРО БАҲОЛАШ ДАСТУРИ АМАЛДА
Мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5538-сонли Фармонида ўқувчилар билим даражасини баҳолаш бўйича халқаро баҳолаш дастурлари ва тадқиқотларида (ПИСА, ПИРЛС, ТИМСС) умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Ушбу Фармон ижросини таъминлаш мақсадида билим масканимизда «Халқаро баҳолаш дастурларини таълим-тарбия жараёнида татбиқ этиш йўллари» мавзусида вилоят семинари ташкил этилди.
Семинарда математика фанидан олий тоифали ўқитувчи Барно Нўъмонова 8-«В» синфда «Математика фанида ПИСА масалаларини ечиш усуллари», биология фани ўқитувчиси Сайёра Маҳмудова 8-«Б» синфда «Халқаро баҳолаш дастури бўйича табиий фанлар йўналишида масалалар ечиш» мавзуларида очиқ дарслар ўтишди.
Маҳоратли педагоглар томонидан таълим сифатини баҳолашнинг халқаро дастури математика ва табиий фанлар кесимида ПИСА тестларидан фойдаланилган ҳолда, ўқувчиларнинг билими ва уларни амалиётда қўллай олишлари гуруҳларда ишлаш, мантиқий фикрлаш методлари асосида кўрсатиб берилди.
Ўқувчиларни креотив фикрлашга, ПИСА масалаларини ечишга ўргатиш, математика ва табиий фанлардан олган билимларини амалиётда қўллай олиш қобилиятини, кўникмасини шакллантириш ва ривожлантириш мақсадида ташкил этилган семинар иштирокчиларнинг халқаро баҳолаш дастури ҳақида янада кенгроқ маълумотга эга бўлишларида муҳим аҳамият касб этди.
Мастура ИСОҚОВА,
6-мактаб ўзбек тили фани ўқитувчиси.

