ЎРИМГА КИРИШИЛДИ

Жорий йилда туманимиз фермерлари 6345 гектар майдонда ғалла етиштирдилар. Ҳосилни қисқа муддатларда, нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш учун барча чора-тадбирлар кўрилган. 26 та отряд шакллантириб, ҳар бирига комбайн, тегишли транспорт воситалари бириктирилди.

5 июнь куни «Уйчи Гулистон» ММТП ҳудудидаги «Гулистон лочин парвози» фермер хўжалиги ғаллазорида ўримга оқ фотиҳа берилди. Туман ҳокими Абдуғани Турдиев, «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев мавсумнинг муваффақиятли ўтишида барча масъулларни фидойилик кўрсатиб ишлашга чақирдилар.

Туман бош имом хатиби Исроилхон Қирғизбоев дуои фотиҳалар қилди. Шу куни Гулистондаги сўлим чойхонага ғалла ўрим-йиғимига масъуллар, отряд аъзолари таклиф этилиб, уларга эҳтиром кўрсатилди.