ҚИШ ЭШИК ҚОҚМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳани 2019-2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4407-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида  туман мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги барча мактабгача таълим ташкилотларида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

Туман марказидаги 14-мактабгача таълим ташкилоти(МТТ)да бўлиб ўтган ўқув-семинарда тумандаги барча МТТларнинг хўжалик мудирлари, ўт ёқувчилари қатнашдилар.

Дастлаб ўтган даврда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида олиб борилган ишларга тўхталинди. Хусусан, тизимга қарашли бир қатор муассасаларда биноларнинг том қисмлари шиферланиб, янги иситиш қозонлари ўрнатилди. Тармоқлар янгидан тортилди ёки жорий таъмирланди. Барча муассасаларда иситиш қозонлари орқали гуруҳ хоналари ва йўлаклари иситилишига эришилди. Ҳозирги кунда муассасаларга 432 тонна кўмир, 1061 тонна брикет маҳсулотлари тўлиқ етказиб берилди. Муассасалардаги мавжуд иситиш қозонлари сувлари доимо назоратда бўлиши, кўмир маҳсулотининг белгиланган меъёр асосида сарфланиши, иссиқлик талаб даражасида бўлиши таъкидлаб ўтилди.

Семинарда туман ёнғин хавфсизлиги бўлими инспекторлари П.Давлатов, Ш.Носировлар сўз олиб,  куз-қиш мавсумига тайёргарлик, уни беталафот ўтказиш, ёнғинларнинг олдини олиш, носоз электр жиҳозларидан ҳамда қўлбола иситиш печларидан фойдаланмаслик, кўмир омборларида тез аланга олувчи материалларни сақламаслик ҳақида гапирдилар.

Эксплуатация бўлими етакчи мутахассислари томонидан иситиш қозонларидан фойдаланиш тартиби ва қозонхоналарнинг эксплуатацияси юзасидан кўргазмали семинар бўлди. Шундан сўнг бўлим муҳандиси Б.Жўраев жойларда иситиш қозонларининг бир меъёрда ишлашини назорат қилиб борувчи тунги навбатчилик гуруҳлари таркибининг тузилиши, уларни ўз жойларида доимо тайёр туриши, муассасалар атрофида тозаликни сақлаш ҳақида тушунчалар берди.

Маҳбуба АБДУЛЛАЕВА,

туман МТБ мудири.