600 НАФАР ЎҚУВЧИ ДАМ ОЛАДИ

«Уйчи умид ниҳоллари» болалар оромгоҳи бу йилги ёзги мавсумда уч навбатда 600 нафар ўқувчи-ёшни ўз бағрига олади. Оромгоҳда мавсумга тайёргарлик ишлари пухта олиб борилди.

-Биринчи навбатда Чортоқ, Учқўр-ғон ва туманимиздан ташриф буюрган жами 200 нафар дам олувчи мириқиб ҳордиқ чиқармоқда, -дейди оромгоҳ директори Акмалжон Жўраев. -Кейинги навбатларда Мингбулоқ туманидан ҳам ўқувчилар келиши кўзда тутилган.

-Дам олувчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш ва китоб мутолаасига бўлган иштиёқини ошириш мақсадида туман АРМнинг 3000 та китоб фондига эга кўчма кутубхонаси тарбияланувчилар хизматида, -дейди оромгоҳ бош етакчиси Салимахон Йўлдошева. -Шунингдек, «Баркамол авлод» болалар марказининг 6 та йўналишда тўгараги ишлаб турибди. «Камолот» ЁИҲ туман кенгашининг етакчилари турли тадбирлар уюштиришяпти.

7 июнь куни оромгоҳнинг биринчи навбати очилишига бағишланган тадбир бўлди. Унда туман ҳокимининг ўринбосари Аҳмаджон Раҳматов, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси Мирзамаҳмуд Тўхтабоевлар самимий тилаклар билдиришди.

Туман маданият ва аҳоли дам олиш марказининг хушовоз хонандалари маданий хизмат кўрсатдилар, оромгоҳ тарбияланувчилари томонидан кўргазмали чиқишлар қилинди.

Аброр ТОШМАТОВ.