ЎЗБЕК АЁЛИГА ЯРАШМАГАН ҲАРАКАТ
Ўзбек аёли. Бу сўзни эшитган ҳар бир киши кўз ўнгида ҳаёли, иболи, вазмин, содда, меҳрибон, болажон инсон гавдаланади. Қадимдан аёлларимиз ўзларининг гўзал фазилатлари, намунали хулқ-одоби билан танилиб келганлар.
Ҳозирги давримизда ҳам бундай сифатлар соҳибаси бўлган аёлларимиз кўплаб топилади. Аммо гуруч курмаксиз бўлмас, деганларидек орамизда юқорида сифатланган аёлларнинг акси бўлганлар ҳам учраб туради.
Шу йил 9 июль куни ҳуқуқбузар Х.Ж. Беруний МФЙда таниши П.О. билан ўзаро жанжаллашиб қолиб, уни уриб, тан жароҳати етказади. (Кўчада, эл кўзида аёл кишининг муштлашувидан хунукроқ манзара бўлмаса керак). Бу билан Х.Ж. бақир-чақир қилиб, жамоат тартибини, юриш-туриш қоидаларини қасддан бузиб, фуқаролар осойишталигини бузади.
Мазкур ҳолат туман маъмурий судининг очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Ҳуқуқбузарлик ҳолати ўз тасдиғини топди. Суд ҳар икки ҳуқуқбузарга МЖТКнинг 33-моддасини қўллаб, уларнинг ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг тўртдан бири миқдорида жарима жазоси белгилади.
Азизбек МИНГБОЕВ,
туман маъмурий судининг судья ёрдамчиси,
Севара ЖАМАЛОВА,
архивариус.

