СИФАТЛИ ТАЪЛИМ САРИ

Дарс синфда тақвим-мавзу, режа асосида белгиланган вақт давомида ўқитувчи томонидан ўқувчилар учун ўқув-тарбия жараёнининг мақсадли ташкил этилишидир. Шундай экан, ҳар бир ўқитувчи дарсга пухта тайёргарлик билан келиши ва дарсдан кўзланган мақсадга эришиши талаб қилинади. Афсуски, ҳозирги пайтда ўқитувчилар орасида интерфаол методларни рўкач қилиб, дарс сифатини бузиш, ўзича дарс ташкил қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ўқитувчи, энг аввало, интерфаол метод нима эканлигини билиши лозим. «Интер» – бу ўзаро, «акт»-ҳаракат қилмоқ маъноларини билдиради.

Илғор педагогик технологиялар таълим жараёнининг унумдорлигини оширади, ўқувчиларни мустақил фикрлашга ундайди, уларда билимга бўлган қизиқишни оширади. Аммо баъзи бир ўқитувчиларнинг шундай дарсларига гувоҳ бўламизки, ўзи интерфаол методни тушунмаслиги орқали дарсни тўполонга айлантиради. Дарсда ўқувчилар тартиббузарлигига, шовқин-суронга йўл қўяди. Натижада эса дарсга қўйилган асосий мақсадларга эришилмайди. Танбеҳ берсангиз, ноанъанавий дарс ўтаётганини рўкач қилади. Ахир «Дарс – муқаддас» тавсияларида ўқитувчи  дарс босқичларига эътибор бериши кераклиги кўрсатилган. Бундай хатоларга йўл қўймаслик учун эса ўқитувчи доимо ўз устида ишлаши ва изланиши, устоз ўқитувчилардан ўрганиши талаб қилинади.

Барчамизнинг мақсадимиз битта – Ўзбекистонимиз келажаги бўлмиш ёш авлодга сифатли таълим-тарбия бериш. Шундай экан, бизга берилаётган юксак эътиборни оқлаш,  келажак авлод олдидаги масъулиятни ҳис қилишдир. Зеро, албатта – «Дарс – муқаддас»!

Муқаддас СОЛИЕВА,

21-мактаб бошланғич синф ўқитувчиси.