УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ДАВЛАТ СТИПЕНДИЯСИ СОҲИБИ
Абдуқодир Тошпўлатов – иқтидорли ёшларимиз вакили. У мактабимизда ўқиб юрган кезларида тиришқоқлиги ва ноёб истеъдоди билан алоҳида ажралиб турарди. Дастлаб туманда ўтказилган «Ёш эколог» мусобақасида ғолибликка эришган Абдуқодир кейинчалик «Билимлар беллашуви», фан олимпиадасининг вилоят босқичида, «Конституция – бахтимиз пойдевори» иншолар танловининг туман босқичида, «Инсон манфаатлари – энг олий қадрият» мавзусидаги иншолар танловининг вилоят босқичида совринли ўринларни қўлга киритган. 2013 йили «Соғлом бола йили» давлат дастурини мен қандай тушундим?» мавзусидаги иншолар танловининг республика босқичида ғолиб бўлди. Китобхонлик танловида вилоятда олий ўринни эгаллади.
НамДУ қошидаги 2-академик лицейни тамомлагач, 2017 йили НамДУга география йўналиши бўйича 1-ўринда давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинди. У ўқиш билан бирга 4 та китоб, ўндан ортиқ мақола, 30 га яқин тезис муаллифига айланди.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2019-2020 ўқув йили учун олий таълим муассасалари талабаларига Ўзбекистон Республикаси давлат стипендияларини тайинлаш тўғрисидаги буйруғи эълон қилинди. Унга кўра Абдуқодир Тошпўлатов Улуғбек номидаги давлат стипендияси совриндори бўлди ва магистрлик йўлланмасини қўлга киритди.
-Эришаётган ютуқларимда мактаб, лицей ҳамда университетдаги устозларим, ота-онамнинг ҳиссаси катта, -дейди Абдуқодир. -Барчаларига чуқур миннатдорчилик билдираман ҳамда ишончларини оқлаш учун жорий ўқув йилида фан олимпиадасининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллаб, Президент давлат стипендияси совриндори бўлиш, энг муҳими, Ватанимиз келажаги учун муносиб инсон бўлиб етишишга ҳаракат қиламан.
Раънохон МЎМИНОВА,
37-мактаб ўқитувчиси.

