САЙЁР ҚАБУЛ
Куни кеча Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежида вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоровнинг сайёр қабули ўтказилди.
Туманимиз аҳолиси вакиллари билан юзма-юз мулоқот давомида 80 дан ортиқ мурожаат кўриб чиқилди. Уй-жой, моддий ёрдам, коммунал хизмат, бандлик, тадбиркорлик, тиббий хизматлар масалаларида қилинган мурожаатларнинг кўпи жойида ҳал этилди. Бир қисми қонунчиликда белгиланган муддатларда ўрганиб, чора кўриш учун тегишли ташкилот ва идораларга юборилди, ижроси назоратга олинди.
Ҳудудларда ўтказилаётган бундай сайёр қабуллар аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш ва тезкор чоралар кўриш, уларни бевосита жойида бартараф этишга хизмат қилади.
** ** **
Бугунги кунда мамлакатимизда бўлгани каби туманимизда ҳам тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнес юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида туманимиз ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақовнинг тадбиркорлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Дастлаб туманимиз ҳокими «Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!» Мурожаатини ўқиб эшиттирди. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан берилган саволларга жавоб қайтарди.

