САЙЛОВ ВА СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР

«Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонунда давлат сиёсий партиялар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари муҳофаза этилишини кафолатлаши, уставда белгиланган ўз мақсадлари ва вазифаларини бажаришлари учун уларга тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб бериши қайд этилди.

Сиёсий партиялар қонунчиликка асосан муайян ҳуқуқларга эга бўлиб, уларнинг ичида энг муҳимларидан бири, бу – қонунда белгилаб қўйилган тартибда давлат ҳокимияти органлари сайловларида иштирок этиш ҳисобланади.

Сайлов сиёсий партиялар учун ҳокимиятга эга бўлиш, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда иштирок этиш, ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашиш, жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқариш, мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, сайлаб қўйиладиган давлат органларидаги ўз вакиллари орқали тегишли қарорларни тайёрлашда иштирок этиш ва ниҳоят, уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш имкониятини беради.

Миллий сайлов қонунчилигимизда сиёсий партияларнинг сайлов жараёнидаги барча иштироки эркин, мустақил, тенг ва адолатли шароитларда таъминланиши учун зарур қонуний кафолатлар белгиланган.

Сайлов кодексида сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилди. Эндиликда ваколатли вакил сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Аввалги қонунларда унинг фақат сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқигина қайд этилиб, шунингдек, партия ваколатли вакилни ўз аъзолари орасидангина тайинлаши белгиланган эди.

Партиялар сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда аввалги қонунлар бўйича фақат биттадан кузатувчи бериши мумкин бўлган бўлса, Сайлов кодексида биттадан бўлишга оид чеклов чиқариб ташланди. Бу ҳам очиқлик, ошкораликни, жамоатчилик назоратини оширишга хизмат қилади.

Депутатликка номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилиб, номзодларни танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан мустақил белгиланади. Сиёсий партиялар ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни депутатликка номзод этиб кўрсатишга ваколатлидир. Ҳеч ким уларнинг номзодларни танлаш ишига аралаша олмайди. Сиёсий партия у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан ўн беш кун қолганида бекор қилиш ҳуқуқига эга, бу шахс тегишли сайлов комиссияси томонидан номзодлик мақомидан маҳрум этилиши мумкин. Сиёсий партия номзодлар кўрсатиш муддати тугагунига қадар тегишли сайлов комиссиясига янги номзодни рўйхатга олиш тўғрисида таклиф киритиши мумкин. Барча партиялар учун тенг шароит таъминланади. Сайлов комиссиялари сиёсий партияларга сайлов кампаниясини ўтказиш учун тенг шарт-шароитларни, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг адолатли тақсимланишини, овоз беришнинг ва сайлов якунларини чиқаришнинг ҳалол бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўради.

Ташвиқот мақсадида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти ҳам сиёсий партиялар билан келишилган ҳолда тегишли сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Сиёсий партияларга босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни, фонограммаларни, босма маҳсулотнинг электрон шаклларини ва бошқа ташвиқот материалларини монеликсиз чиқариш ҳамда тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали ташвиқот учун тенг шароитлар яратилади. Сайловчилар билан учрашувлар сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда ўтказилади.

Сиёсий партияларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловда, маҳаллий Кенгашларга сайловда иштирок этишини молиялаштириш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ана шу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқлари қонунчилик билан кафолатлаб қўйилган.

Миравзал МИРАКУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти бошлиғининг биринчи ўринбосари, юридик фанлари доктори.