ИНТИЗОМСИЗЛИК ОҚИБАТИ

Президентимиз ва ҳукуматимиз олиб бораётган инсонпарварлик сиёсати, жамиятда адолатни қарор топтириш, адашган инсонларни тўғри йўлга солиш борасидаги ишлар унча-мунча давлатларда учрамайди. Қонунларимизнинг мазмун-моҳияти ҳам инсонлар манфаатига йўналтирилган. Буни тўғри тушунган кўплаб фуқароларимиз ўз вазифа ва бурчларини тўғри англаб, эл-юрт фаровонлиги учун сидқидилдан меҳнат қилмоқдалар, ўзлари, оила аъзолари бахтли яшамоқдалар. Бироқ шундай кимсалар ҳам борки, тартиббузарлик, жиноят содир  этади, тузалишига имкон берилса, тузалишни хоҳламайди. Шундайлардан бири назорат остидаги З.Э. жиноят ишлари бўйича туман судининг ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди ва 28, 211-моддаси 2-қисми «а» бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланиб, 2 йил муддатга қамоқ жазоси  тайинланган, жазо шартли равишда 2 йил синов муддатига алмаштирилган эди. Бироқ у синов муддати давомида интизомсизлик қилиб, қарздорлигини бартараф этмади, ўзгарган яшаш жойи ҳақида назорат органига  хабар бермади, рўйхатдан ўтиб турмади. Шу боис унга белгиланган синов муддати бекор  қилиниб, озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Назорат остидаги шахс Х.М.нинг қилмиши З.Э.никидан ҳам ошиб тушади. Муқаддам беш марта судланган, ҳеч қаерда ишламайди. 20 ёшлигидан бери ҳуқуқбузарлик қилган.

2011 йилда ЖКнинг 169-моддаси 3 қисми «а» банди ва бир қанча бошқа моддалар билан айбдор деб топилган, энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жарима ҳамда 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. 2017 йилда жазонинг ўталмай қолган 4 йил 11 ой 15 куни ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган эди. Аммо Х.М. яхшиликни билмайдиганлардан бўлиб чиқди ва белгиланган тартиб-қоидаларга қасддан риоя қилмади. Бир неча бор  огоҳлантиришларга беписандлик қилганлиги учун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси бошқа турга алмаштирилди. Шунингдек, 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси берилган М.Э.га ҳам инсонпарварлик намунаси кўрсатилиб, жазонинг 2 йил 2 ой 7 кунини ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилганига қарамай, у тартиб-интизомга риоя этмади. Шу боис унга ҳам жазони алмаштириш чораси қўлланди.

Худди шундай ҳаракатни назорат остидаги М.А.ҳам содир этди. ЖК.нинг 168-моддаси 3-қисми «а», «б» бандлари билан 6 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Жазонинг 3 йили ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилганига қарамай тартиббу-зарлик қилгани боис жазо бошқа турига алмаштирилди.

Ёқубжон ҲАБИБУЛЛАЕВ,

туман ИИО пробация гуруҳи катта  инспектори, майор.