КИЧИК ОЛИМПИАДА
Бугунги кунда таълим сифатини ошириш энг долзарб вазифа бўлганлиги боис тумандаги 27-мактабда бунга жавобан бошланғич синф ўқитувчилари ўқувчилар орасидан энг билимли, энг иқтидорлиларини танлаб олиш мақсадида кузги таътилда 2-4-синфлар ўртасида она тили, математика, табиатшунослик, рус тили фанларидан «Кичик олимпиада» танловини ташкил қилдилар.
Танловда ўқувчилар ўзлари қизиққан фанга қатнашиб, ўз билимларини синадилар.
Танловга 2-синфлардан 36 нафари математика фанидан, 30 нафари она тилидан, 3-синфлардан 26 нафари математика фанидан, 30 нафари она тили фанидан, 4-синфлардан 25 нафари математика фанидан, 28 нафари она тили фанидан, қолган ўқувчилар табиатшунослик ва рус тили фанларидан қатнашдилар ҳамда қуйидаги натижаларга эришдилар.
Математика фанидан 2-«Д» синф ўқувчиси Ойдина Бурхониддинова, 3-«А» синф ўқувчиси Исохон Абдулазизов, 4-«В» синф ўқувчиси Азизбек Нажмиддинов, она тили фанидан 2-«В» синф ўқувчиси Шоҳсанам Боқижонова, 3-«В» синф ўқувчиси Барчиной Насруллаева, 4-«Е» синф ўқувчиси Шодия Ривожиддинова ғолиб деб топилди.
Уларга билим бераётган устозлар М.Умарова, Ш.Абдураҳимова, Н.Аҳмадалиева, Д.Азизалиева, Э.Убайдуллаева ва Д.Абдуллаевалар меҳнати таҳсинга сазовордир. Кичик олимпиада ғолиблари мактаб маъмуриятининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.
Бундан кейин ҳам мактабда бундай тадбирлар, танловлар бардавом бўлиб боради.
Абдурашид ҲАМРОЛИЕВ,
27-мактаб директори ўрин-босари,
Марғуба НАСРИТДИНОВА,
бошланғич синф ўқитувчиси.

