ТАДБИРКОРЛАРГА ҚУЛАЙЛИК
Мамлакатимизда сўнгги йилларда сув ресурсларидан фойдаланиш механизмларини тубдан ислоҳ қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида сув тежовчи технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлаштириш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, яқинда мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни ривожлантириш, сувдан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари, айниқса, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларга бу соҳада имтиёзларга эга бўлишларига янада кўмак бериш мақсадида Президентимиз томонидан яна бир муҳим қарор имзоланди.
Ушбу қарор мазмунига кўра, 2020 йил 1 январдан сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича ҳаракатларнинг бир қисмини, шунингдек, уларни харид қилиш ва қуришга ажратиладиган банк кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун мазкур қарор иловасига мувофиқ субсидиялар тақдим этилиши ҳамда бюджет маблағларини олувчилар билан тузиладиган импорт шартномаларини мажбурий экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш талаби қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари томонидан сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича ишлар доирасида тузиладиган импорт шартномаларига татбиқ этилмаслиги каби имтиёзлар кўзда тутилди.
Ўйлаймизки, мазкур қарор асосида мамлакатимизда маҳаллий товар ва хом-ашё ишлаб чиқарилишининг ривожи янада кенгайиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритиб келаётган деҳқон ва фермер хўжаликларининг фаолиятига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатишига ишонамиз.
Улуғбек ҲАМДАМОВ,
Учқўрғон туманлараро иқтисодий судининг судьяси.

