ФИДОЙИЛИК КЎРСАТИБ…
Бугунги кунда фуқароларда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш, қонунларга ҳурмат туйғуларини шакллантириш долзарб масалалардандир.
Суд департаментининг туман бўлими суд ижрочиси Элмурод Тожиаҳмедов зиммасидаги вазифани масъулият билан бажариб, тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишларини олиб боришда фаоллик кўрсатмоқда. У суд қарорлари ижросини таъминлаш бўйича Ёрқўрғон, Ёркатай қишлоқ фуқаролар йиғинларига бириктирилган.
-Элмурод қишлоғимиз ҳудудида фаолият бошлагандан буён маъмурий, жиноий жарималар, коммунал тўловлар, маҳаллий солиқларни ундиришда фидойилик кўрсатиб ишлаяпти, -дейди Ёрқўрғон қишлоғидаги Тошлоқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдулҳамид Ўлжабоев. -Ўз навбатида, ҳуқуқий маслаҳатлар бериб, айрим муаммоларни ечишда кўмаклашяпти. Унинг фаолиятидан мамнунмиз.
Яқинда Президентимизнинг Фармонига кўра Республика Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил қилинди. Элмурод мазкур бюрода суд ижрочиси бўлиб фаолиятини давом эттиряпти.
Ёш, изланувчан Элмурод Тожиаҳмедов бундан кейинги фаолиятида ҳам касбдошларига ўрнак бўлишига ишончимиз комил.
Умиджон СУЛТОНОВ.

