ИС ГАЗИДАН ЗАҲАРЛАНИБ ҚОЛМАНГ

Табиий газни истеъмолчиларга узлуксиз ва бехатар етказиб бериш учун қанчалар машаққатли ва оғир меҳнат, маблағ ҳамда хавфсиз фойдаланишни таъминлашга алоҳида эътибор талаб этилади.

Ўтган йилларда республикамизда табиий ва ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ бир қанча бахтсиз ҳодисалар юз берган. Содир бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти фуқаролар томонидан газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик ёки қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланганлик оқибатида юзага келган.

Инсонлар уйларида газ асбоб-ускуналаридан нотўғри фойдаланганда, уларнинг дудбуронлари носоз бўлганда, газнинг чала ёнишидан ҳосил бўлган ис газидан заҳарланиб қолишлари мумкин.

Ис гази фанда углерод оксиди деб юритилади. Рангсиз, таъмсиз, ҳидсиз заҳарли газ.

Ис гази ер юзида энергиянинг жадал ишлатилишидан юзага келадиган, табиатда энг кўп тарқалган заҳарли газлардан биридир.

У асосан кўмир, табиий газ ва бошқа ёқилғиларнинг тўлиқ ёнмаслиги сабабли юзага келади. Ёқилғиларнинг тўлиқ ёниши учун ёниш жараёнида ҳаво (кислород) етарли миқдорда бўлиши керак. Ҳавонинг етишмаслиги оқибатида ёқилғи чала ёниб, ис газининг ажралиб чиқишига сабаб бўлади.

Масалан, аҳоли хонадонларидаги асосий ёқилғи тури ҳисобланган табиий газнинг бир метр кубини тўлиқ ёқиш учун ўн метр куб ҳаво керак бўлади. Газ сурункали ишлатилганда газ асбоби ўрнатилган хона эшик ва деразаларининг ёпиқлиги, форточкаларнинг доимий очиқ турмаслиги оқибатида тоза ҳаво камайиб кетади, газ тўлиқ ёнмай, ис гази ажралиб чиқади.

Ис гази одамга нафас олиш аъзолари орқали таъсир этади. Натижада инсон организмига етарли кислород етиб келмайди ва «кислород танқислиги» юзага келади. Оқибатда гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб, гипоксияга, оғир ҳолатларда эса ўлимга олиб келиши мумкин.

Ис газидан заҳарланган организмда углерод ва оқсил алмашинуви бузилади. Қон таркибида эса калий ва кальций мувозанати издан чиқади, марказий нерв тизими фаолияти бузилади.

Заҳарланиш ҳолатлари енгил, ўрта ва оғир даражада бўлиши мумкин. Ис газидан енгил ва ўрта заҳарланганда бош оғрийди, айланади, кўнгил айнийди, қўл ва оёқлар бўшашиб, қувватсиз бўлиб қолади. Оғир заҳарланганда эса қулоқ битиб қолгандай бўлади, фикрлаш қийинлашади, баъзи вақтларда кучли ҳаяжонланиш, турли тартибсиз ҳаракатлар қилиш ва ҳушдан кетиш кузатилади.

Ҳозирги кунда бозорларда сотилаётган чет элда ишлаб чиқарилган ҳар турдаги газ ускуналари, газ горелкалари чиройли, ихчам, бир қатор қулайликларга эгадир. Лекин уларни ўрнатиш ва фойдаланиш тўғрисидаги ҳужжатлар ўзбек ёки рус тилига таржима қилинмаган. Шу боис улардан фойдаланишда эҳтиёт чораларини кўриш керак. Уларнинг хонадонларга ўрнатилиши ҳам ис газидан заҳарланишга сабаб бўлмоқда.

Ис газидан заҳарланган жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатаётганда, зудлик билан ҳаракат қилиш, топқирлик ва маҳорат муваффақият гаровидир. Мутахассис бўлмаган шахс томонидан жабрланувчига кўрсатилаётган ёрдам тиббий ходим томонидан берилаётган ёрдам ўрнини боса олмайди. Шунинг учун жабрланувчига фақат «Тез ёрдам» келгунча сунъий нафас бериш ёки транспорт воситасида яқин тиббиёт муассасасига олиб бориш даркор.

ВРАЧ ЕТИБ КЕЛГУНИЧА ҚУЙИДАГИЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ КЕРАК:

-зудлик билан жабрланувчини газланган ҳудуддан олиб чиқиш;

-уни қўл ва оёқлари кўтарилган ҳолатда ётқизиш;

-жабрланувчининг бадани музлаб қолмаслиги учун чора кўриш, иссиқ кийим-бош ёки кўрпага ўраш, иссиқ горелка билан иситиш;

-нафас олишга халақит берувчи тугмаларни ечиш, камарни бўшатиш;

-агар жабрланувчи нафас олмаётган бўлса, унга тоза ҳавода ёки ҳавоси яхши айланадиган хонада сунъий нафас олдириш;

-нашатир спиртини ҳидлатиш;

-ҳушига келган вақтда йиқилиб жароҳатланмаслиги учун чоралар қўллаш;

-агар жабрланувчининг умумий ҳолати яхши бўлса, иссиқ чой ёки қаҳва ичириш мумкин.

Заҳарланишнинг барча ҳолларида жабрланувчига кислород ёстиғидан кислород бериш керак. Кислород нафас олишда очилади, чиқаришда очилмайди, бунда кислород ёстиғи қўл билан аста босилади. Кислород беш дақиқа давомида берилади, 2-3 дақиқа танаффус қилинади, кейин эса кислород бериш такрорланади.

ХОНАДОНЛАРДА ВА БОШҚА БИНОЛАРДА ҚУЙИДАГИ ҚОИДАЛАРГА ҚАТЪИЙ АМАЛ ҚИЛИШ ЗАРУР:

-иситиш мавсуми бошланиши олдидан печлар, қозонхоналар, сув иситиш колонкаларининг созлиги, мўриларнинг тозалигини текшириб чиқиш;

-носоз, ностандарт, қўлбола ясалган иситиш ва газ мосламаларидан фойдаланишга асло йўл қўймаслик;

-болалар ва имконияти чекланган кишиларни назоратсиз қолдирмаслик;

-табиий газдан фойдаланишда турли хилдаги резина шланглар, турли хил газ сўрғичлардан фойдаланмаслик;

-чет давлатларда ишлаб чиқарилган иситиш мосламаларидан фақат йўриқнома билан танишиб чиққандан кейингина фойдаланиш;

-хонага табиий газ тўлиб қолганда, газ плиталари ва иситиш печларини газ тармоғидан узиш;

-дарров эшик-деразаларни очиб, хонани шамоллатиш;

-хонада электр жиҳозларини ёқмаслик, ёниқ бўлса ўчирмаслик, чунки бу ёнғин ёки газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашига сабаб бўлиши мумкин.

Бу тадбирларни бажариш истеъмолчилар учун шарт ҳисобланади. Ана шунда кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олган бўламиз.

«Ҳудудгаз Наманган» МЧЖ «Уйчитумангаз» филиали маъмурияти.