ҲАР ТОМОНЛАМА МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИК

Россия Федерацияси Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев бошчилигидаги делегациянинг Наманган вилоятига ташрифи Уйчи тумани учун ҳам самарали бўлди.

Свердловск вилояти Сисерт шаҳри раҳбари Дмитрий Нисковских 25-26 ноябрь кунлари туманимизга ташриф буюрди ҳамда бир қатор иқтисодий ва ижтимоий объектлар билан танишди. Ураллик меҳмон «Асадбек дизайн групп» корхонасида ишлаб чиқарилаётган мебель маҳсулотларига юқори баҳо берди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, айниқса, иссиқхоналарда етиштирилаётган помидор, бодринг ва кўкатлар, қишки қовун ва тарвузлар, сархил мевалар манзур бўлди. Меҳмон «Обод марказ» дастури доирасида Уйчи шаҳарчасида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Янги таъмирдан чиққан туман маданият маркази ва унда фаолият кўрсатаётган турли тўгаракларнинг самарали ишлаши учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Учрашувлар якунида Уйчи тумани ҳамда Сисерт шаҳри раҳбарлари доимий иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳамкорликни йўлга қўйишга асос солувчи Ҳамкорлик битимига имзо чекдилар. Шартномага асосан, икки томонлама манфаатли ҳамкорлик доирасида Сисерт шаҳрида савдо уйи, миллий чойхона ва бозор комплекси қуриш ҳамда серқуёш ўзбек заминида етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, заҳматкаш ҳунармандлар яратган қўл меҳнати маҳсулотларини экспорт қилишга, икки томонлама туризм ва тиббий хизматларни ривожлантириб боришга келишиб олинди.

Свердловск ҳамда Наманган вилояти ишбилармонлари ўртасида ўтказилган форум доирасида Наманган шаҳрида жойлашган «Паҳлавон» спорт мажмуидаги кўргазмада туманимиздан «Нафис чарм» МЧЖ тери маҳсулотлари ҳамда «Машад тикув текс» МЧЖ эркаклар қишки кийимлари билан иштирок этди.

Форумда туманимиздан қатнашган тадбиркорлар ўртасида бир қатор инвестицион ва экспорт келишувларига эришилди. Жумладан, туманда фаолият юритаётган «Идеал соф саноат» ХК раҳбари Ғанишер Раҳимжонов томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича Россия Федерациясининг «Торговая сеть» МЧЖ директори Евгений Вараксин билан экспорт келишуви имзоланди. Тумандаги «Коробо» МЧЖ раҳбари Исмоил Эгамов ҳамда темир-бетон қурилиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича Россия Федерациясининг «UZURALIMPEX» МЧЖ директори Игорь Яцун ўртасида инвестицион келишув имзоланди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.