ТАЙЁРГАРЛИК ТАҲЛИЛИ

Туман ХТБ биносида жойлашган 467-сайлов участкасида юртимизда кечаётган катта сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик масалаларига бағишланган семинар йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда сиёсий партиялар вакиллари ва туманимизда ташкил этилган барча сайлов участкалари раислари қатнашди.

Семинарни туман ҳокимлиги ташкилий назорат гуруҳи раҳбари Муҳаммаджон Мирзамаҳмудов кириш сўзи билан очди ва мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён кечаётганлиги, шунингдек, сиёсий партияларнинг сайловолди платформалари ранг-баранглик касб этиб, жамият ва давлат ҳаётидаги муҳим муаммоларни ечишга қаратилаётганлиги, энг муҳими, мамлакатимизда барча соҳалар ривожида очиқлик, ошкоралик тамойилларига эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Туман сайлов комиссияси раиси Абдимуталли Нажмиддинов бу йилги сайловларга тайёргарлик жараёнида яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилган, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган пухта, ихчам ва ягона Сайлов кодекси ишлаб чиқилганлигини, уни сайловларга дахлдор ҳар бир ходим атрофлича ўрганиши ва омма орасида кенг тарғиб этиши, шунингдек, сайлов комиссиялари аъзолари тезкорлик билан фойдаланиши учун махсус «Сайлов-2019» мобиль илова ишлаб чиқилганлиги ҳақида сўзлади. У яна бир муҳим янгилик – Ўзбекистоннинг миллий сайлов тизимига сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (СЖБАТ) ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) жорий этилаётганлигини айтиб ўтди.

Семинарда тумандаги сайлов участкаларидаги ташкилий тайёргарлик ишлари, ибратли участкалар, бартараф этилмаган камчиликлар таҳлил қилинди. Камчиликларни тезда тугатиш бўйича топшириқлар берилди. Семинар сўнгида янги тартибда овоз бериш жараёни амалий тарзда кўрсатилди ва қатнашчилар саволларига жавоб қайтарилди.

Наргиза ЖЎРАЕВА,

туман давлат архивининг 1-тоифали архивчиси.