«ATLANT-BEST» МАҲСУЛОТЛАРИ

Ёрқўрғон қишлоғининг Тошлоқ маҳалласи ҳудудида жойлашган «ATLANT-BEST» масъулияти чекланган жамияти жорий йил бошида иш бошлаган эди. Бугунги кунга  келиб, инвестиция дастури асосида корхона тўла қувват билан иш бошлади. Тадбиркор Исмоил Эгамов ўз маблағи ҳисобидан 500 миллион сўм ҳамда Миллий банкнинг Уйчи филиалидан 400 миллион сўм маблағ эвазига ишга туширган мазкур корхонада қолипли нон ва нон маҳсулотлари ҳамда саккиз турдаги сут маҳсулотлари тайёрланади. Корхона Хитойдан келтирилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Эътиборли томони, бу ерда 15 та янги ишчи ўрни яратилди.

Корхонанинг ишга тушиши муносабати билан бўлган тантанада туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов сўзга чиқди ва жамоа фаолиятига муваффақиятлар тилади. Рамзий лента қирқилиб, меҳмонлар ҳамда фахрийлар корхона фаолияти билан танишишди.

-Ушбу корхонанинг фаолият бошлашидан биз жуда ҳам мамнунмиз, -дейди туман МТБ мудири Маҳбуба Абдуллаева. -Аввало, бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлар сифатлилиги билан алоҳида ажраб туради, қолаверса, масофанинг яқинлиги муассасаларимиз учун ҳам қулай. Биз биринчи мижозмиз ва доимий ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.

Умиджон СУЛТОНОВ.