«ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ЯНГИ САЙЛОВЛАР»

14 декабрь куни туманимизда ана шу шиор остида миллий акция тадбири бўлиб ўтди.

Ўтаётган ҳар бир кун барчамизни муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловга яқинлаштирмоқда. Бу жараёнда қанчалик кўп қамровли тарғибот ишлари олиб борилса, сайловнинг одилона ва шаффоф ўтиши таъминланади.

Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан ўтказилган «Янги Ўзбекистон – янги сайловлар» шиори остидаги миллий акцияни туман ҳокимининг ўринбосари Азамат Абдураҳмонов очди ва бўлажак сайловларда ҳаммани фаолликка чақирди. Тадбир давомида туман сайлов комиссияси раиси Абдимуталли Нажмиддинов Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси бўйича тушунтиришлар берди.

Акция давомида сайловга оид викторина ҳам ташкилланиб, саволларга ҳозиржавоблик қилган иштирокчилар совғалар билан сийландилар.

Туман маданият бўлими қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари ижросидаги қўшиқлар барчага хушнудлик бағишлади.

Дилфуза ТОЖИБОЕВА,

14-мактаб ўқитувчиси.