УЙ-ЖОЙ ТАЪМИНОТИДА ЯНГИ ТИЗИМ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 ноябрь куни қишлоқлар ва шаҳарларда аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Маълум қилинишича, кейинги йилдан бошлаб, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида янги тизим жорий этилади. Энди уйлар давлат томонидан эмас, тўлиқ хусусий сектор томонидан қурилади.
Эндиликда шаҳарларда уй-жой қурилиши қуйидаги тартибда амалга оширилади:
-биринчидан, тадбиркорлик субъектлари ўз маблағи ва жалб қилинган маблағлар ҳисобидан пойтахт ва шаҳарларда янги тартиб асосида 13 минг 750 та квартирали турар жойлар қурилишини амалга оширади. Бундай иморат ва мажмуалар лойиҳаси ҳам тадбиркорлар томонидан мустақил тайёрланади;
-иккинчидан, уй-жой қуриш учун ер майдонлари аукцион орқали ажратилади. Уларни сув ва канализация тармоқларига улаш, автомобиль йўллари қуриш тадбиркорлик субъектлари ҳамда республика ва маҳаллий бюджет маблағларидан молиялаштирилади;
-учинчидан, банклар ўртасида соғлом рақобат бўлиши учун Молия вазирлиги эндиликда банкларга уйларни харид қилишга ипотека кредити бўйича қарийб 3 триллион сўмга яқин давлат ресурсларини аукцион асосида ажратади.
-тўртинчидан, аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги, энг муҳими, аниқ манзилли тизим жорий этилади. Бунинг учун шаҳарларда 10 минг 800 та эҳтиёжманд оилага уйнинг бошланғич бадали ва кредит фоиз харажатларини тўлаши учун бюджетдан субсидия ажратилади. Ушбу субсидиялар орқали Тошкент шаҳрида 12 фоиз, бошқа ҳудудларда 10 фоиздан юқори кредит фоизлари ҳамда бошланғич бадали қоплаб берилади.
Ж.НИЗАМОВ,
туман Халқ қабулхонаси мудири.

