ҚИНҒИР ИШНИНГ ҚИЙИҒИ
Одам зотига ҳайрон қоласан, киши. Ҳаётда жамият қонунлари билан тақиқланган ҳаракатларни қилишга қизиқиб, охирини ўйламай иш тутади. Оқибати бехайр бўлгач, афсус, надомат чекиб, оҳ-воҳ қилади (Албатта, ҳамма эмас).
Косонсойлик Н.Ф.ҳам оиласи билан рисолада яшаб юрган эди. Нима бўлди-ю, тўғри йўлдан тойиб, чўнтагига гиёҳвандлик моддасини солиб юргани ҳолда ҳуқуқ-тартибот ходимларида шубҳа уйғотади. Уни гувоҳлар иштирокида текшириб кўрилганда, ёнидан 1,65 грамм оғирликдаги гиёҳвандлик моддаси топилади. Минг бир баҳонани рўкач қилса-да, баҳонаси ўтмади. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этиб бўлган эди. Унинг жинояти гувоҳлар иштирокида, ашёвий далиллар билан ўз тасдиғини топди. Уни энди суд мажлисида белгиланажак жазо кутмоқда.
Қинғир ишнинг қийиғи чиқмай қолмайди. Бундай ҳолатлар барча юртдошларимизга сабоқ бўлмоғи лозим.
Т.МУСТАФАЕВ,
вилоят ИИБ тергов департаменти бошлиғи, подполковник.

