ТЎҚСОНБОСДИ ЭКИШ УСУЛЛАРИ
Мамлакатимиз иқлим шароити бўйича сабзавот экинлари етиштириш учун ғоят қулай минтақа ҳисобланади. Суғориладиган майдонлардан самарали ва унумли фойдаланиш, ҳар бир қарич майдондан йил давомида бир неча маротаба ҳосил олиш орқали маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имкони ортади.
Масалан, тўқсонбосди усулида экиш чоғида сабзавот уруғлари сепилгач, эгатлар устидан чириган маҳаллий ўғитлар ёки дарахт қипиқлари билан мулчалаш ёки шаффоф полиэтилен плёнкаларини ёпиш тадбирларини қўллаш уруғларнинг эрта кўкламда барвақт униб чиқиб, жадал ўсиб ривожланиши ҳисобига эрта баҳорда экишга қараганда ҳосил етилиши 25-30 кунга эртароқ, ҳосилдорлиги эса 15-20 фоизга ортиқроқ бўлади.
Кеч кузда совуқ ва намгарчилик бошланмасдан олдин тўқсонбосди усулида экиш учун ноябрь ойининг охири, декабрь ойининг биринчи декадасида совуққа чидамли сабзавот экинларидан сабзи, пиёз, ош лавлаги, кўкатлар (исмалоқ, укроп, петрушка, сельдерей, кашнич) уруғлари сепилади.
Тўқсонбосди муддатида: пиёзнинг маҳаллий шароитда яратилган «Истиқбол», «Зафар», хорижнинг «Манас», «Дайтона», «Леоне», «Банко» навларини;
-сабзининг маҳаллий шароитда яратилган «Зийнатли», «Фаровон», хорижнинг «Шантане-2461», «Курадо Шантане», «Нантская-4», «Канада» ҳамда «Карсон» навларини;
-ош лавлагининг маҳаллий шароитда яратилган «Диёр», «Ягона» ва хориж-дан келтирилган «Бордо-237», «Бикорев», «Боро Ф1», «Детройт» ва «Пабло Ф1» дурагайларини экиш тавсия этилади.
Кўкат сабзавотлар юқори ҳосилдорлиги, тезпишарлиги, иссиққа кам талабчанлиги, намга ва озиқ моддаларга кўп талабчанлиги билан ажралиб туради. Тўқсонбосди муддатида кўкат сабзавотларнинг укроп, кашнич, петрушка, салат ҳамда отқулоқ (шовул) турларини экиш мақсадга мувофиқдир.
Маъруфжон СУЛТАНОВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуаси устидан назорат қилиш инспекциясининг туман бўлими катта инспектори.

