ДАРДИНГ БЎЛСА БЎЛСИНУ…

Инсоният ўзининг порлоқ келажаги йўлида кўплаб изланишлар, кашфиёт-лар қилган ва қилмокда. «Газета» деб аталмиш инсоннинг энг яқин дўсти, ҳамроҳи, маслаҳатгўйи, муаллим, тарбиячи ҳам улуғ кашфиётлардан саналади. У одамларни давр янгиликларидан, маънавият ва маърифатдан, сиёсат ва иқтисоддан хабардор қилади, қалбларга нур ва ҳузур бағишлайди, ёшларимизни тарбиялайди.

«Уйчинома» (илгари «Меҳнат байроғи», «Октябрь байроғи», «Ҳуррият» деб аталган) газетаси келгуси йилда 85 ёшга тўлади. Юрт бошига тушган оғир кунлар – уруш йилларида ҳам газета тўхтовсиз чиқарилган ва эл-юртни ғалабага чорлаган, қаҳрамонларни мадҳ этган, юртдошларимизга юпанч, тасалли берган. Туманимиз билан бир вақтда ташкил топган бу отахон газета муттасил равишда туман ҳаётининг кўзгуси бўлиб келмокда.

Дориломон саналган ҳозирги давримизда, илм-фан шиддат билан ривожланаётган замонда газета, китоб ўқиш масаласини машварат қилиш қалбан гумроҳликдан бошқа нарса эмас. Ўтмишида илм-фан, дин, адабиётнинг буюк даҳолари дунёга довруғ солган миллатнинг бугунги вакиллари (таассуфки, улар орасида зиёли  деб аталган тоифа  ҳам бор)нинг газета ўқишдан бош тортишини, мутолаага хоҳиши сустлигини фожиа, деб атасам, адашмайман, чоғи.

Мен таълим-тарбия жараёни ичида юрган бир педагог сифатида айтмоқчиманки, фаолиятим даврида газета, журналлардаги ўқитаётган фанимга оид материалларни алоҳида папка қилиб сақлаган ҳолда ўрни билан дарс машғулотларида ишлатардим ва бу ўқувчиларни жонлантирар, фаоллаштирарди.

Бугунги кундаги китоб, газета ўқимаслик ёшлар тарбиясидаги кемтикларга, нафақат ёшлар, катталар, ҳатто айрим мутахассисларнинг ёзма ва оғзаки нутқларидаги чаласаводликларга сабаб бўлмокда. Буни газета таҳририятига келаётган мақола, хабар ва ижодий намуналарда кўплаб учратяпмиз. Имло қоидаларини билмаслик, сўзларни имло асосида ёзолмаслик, атамалар маъносини тушунмаслик ҳолатлари ғоят ачинарлидир. Бу нохушликлар юрт тараққиётига, маънавият ривожига салбий таъсир кўрсатади.

Муҳтарам Президентимизнинг «Мажбурий обуна мумкин эмас» -деган сўзлари фуқаролар эркинлигини таъминлаш мақсадида айтилганлигини ёш бола ҳам билади, аммо тузуккина зиёлилар тескари тушуниб турганини нима деб баҳолаш мумкин?!

Шу ўринда газетамизга вақтида обуна бўлиб, шартнома тузган муассасалар жамоасига миннатдорчилик изҳор этамиз, ишларига омад тилаймиз. Кези келганда шартнома тузиб, газетани вақтида олган ҳолда пулини тўлашни пайсалга солувчи раҳбарларга ҳам инсоф тилаймиз. Таассуфки, уч йилдан бери қарзини тўламай келаётганлар ҳам бор. Газета ходимлари телефон қилавериб, эшигига боравериб, зада бўлаётганлари ҳам бор гап. Улар: «Дардинг бўлса бўлсин, қарзинг бўлмасин», -деган ҳикматни эшитмаганлар, чоғи.

Йилдан-йилга нарх-наво ошаётган ҳозирги бозор иқтисодиёти даврида бир йил олдинги пулнинг қиймати бу йилги қийматга тўғри келмаётганини ҳисобга олсак, қарздорлар газета таҳририятига қанча зарар келтираётганларини ҳам ўйлаб кўрсалар, яхши бўларди.

Азизлар! 2020 йилда туманимиз ва газетамизнинг 85 йиллиги нишонланади. Шу муборак санага тайёргарлик, туманимиз тарихи, фидойи инсонлар, ибратли ишлар билан танишиб бормоқчи бўлсангиз, кўзни чирт юмиб, обуна бўлинг, ютқазмайсиз.

Ўринбой МЎМИНОВ.