ИШОНЧИМ ОҚЛА, БОЛАМ

Яқинда «Наманган» нашриётида Тоҳиржон Исматиллаевнинг «Ишончим оқла, болам» деб номланган китоби нашрдан чиқди. Китоб сўзбошисида айтилганидек: «Мазкур китоб хонадонларимизда тарбия топаётган жондан азиз фарзандларимизнинг келажак ҳаётида муҳим аҳамият касб этади, деган умид ила тайёрланди. Муаллиф ушбу орқали ўқувчилар билан анчадан бери айтолмай келган қалбидаги ўй-кечинмалари, ҳаётий хотималарини ўртоқлашади. Фарзанд тарбияси, оилада аёл – онанинг ўрни, ҳалоллик, меҳр-муҳаббат, дунё саодатига етишувнинг муҳим қирралари моҳирона тарзда ёритилиши сабаб асар китобхон қалбида ёрқин из қолдириши, шубҳасиз. Зеро, шарқона одоб-ахлоқ меъёрлари  барқарор бўлган хонадонда туғилиб, вояга етган, айни муҳитда тарбия кўрган катта бир оиланинг бошлиғи сифатида ўз ишига меҳр қўйган муаллиф билан суҳбатлашган киши яна суҳбатлашмоқ  истайди».

Республика «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлимида мазкур китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан бўлим бошқаруви раиси Икромхон Нажмиддинов самимий фикрларини айтиб, ушбу китоб ҳар бир оиланинг китоб жавонидан муносиб жой эгаллашига умид билдирди.