ТУШУНЧА ВА ЙЎЛЛАНМАЛАР БЕРИЛДИ
Кеча туманимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг жорий йил 27 май куни ўтказилган ўнинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар ва муҳокама этилган бошқа масалаларнинг мазмун-моҳияти, тафсилотларини аҳолига етказиш мақсадида вилоят, шаҳар, туманлар ҳудудларидан сайланган Сенаторлар, барча даражадаги маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида йиғилишлар бўлиб ўтди.
Худди шундай йиғилиш Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежида бўлди. Унда 40-Уйчи сайлов округидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Одилжон Мамат-каримов сўзга чиқиб, кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди. У таъкидлаганидек, ўнинчи ялпи мажлисда 21 та масала, 7 та қонун муҳокама этилди. Мазкур қонунларнинг 1 таси янгидан қабул қилинган, 3 таси амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, 3 таси эса халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисидадир. Маъқулланган қонунлар, қабул қилинган қарорлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Президентимизнинг кейинги бир қатор фармон ва қарорларида белгилаб берилган вазифалар ижросига қаратилгани билан эътиборга моликдир.
Шу куни мазкур коллежда ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, туман ҳокимлиги, вилоят меҳнат бош бошқармаси, ЎзЛиДеП вилоят кенгаши ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони юзасидан амалий семинар ўтказилди. Уни туман ҳокимининг ўринбосари Аҳмаджон Раҳматов очди.
Семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси И.Ходжиев, ЎзЛиДеП вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари Н.Абдуллаевлар сўзга чиқиб, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг маҳаллий ҳокимликлар билан доимий ҳамкорлигининг аҳамияти, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришда олдинда турган устувор вазифалар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Семинарнинг иккинчи қисмида уюшмаган ёшлар, тумандаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида «Меҳнат ярмаркаси» ўтказилди. Тадбир давомида семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдилар, айрим ишсиз ёшларга ишлаш учун йўлланмалар берилди.
Семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наргиз Халилова иштирок этди.

