БАЙРАМ ШОДИЁНАЛАРИ
Туман мактабгача таълим бўлимига қарашли барча муассасаларда Янги йил байрамига бағишланган эрталиклар кўтаринки руҳда ўтди.
6-МТТ (мудира Гавҳархон Ҳасанова)да икки юзга яқин кичкинтой тарбияланади. Катта гуруҳ тарбиячиси Моҳира Мамадалиева, маҳоратли тарбиячилар Дилфуза Сайдатова, Зулайҳо Расулова, Эътибор Абдуллаева, рус тилига йўналтирилган гуруҳ тарбиячиси Адолат Яқуббоевалар томонидан тайёрланган байрам дастури барчага олам-олам қувонч бағишлади. Севимли эртак қаҳрамонларидан тортиб Қорбобо ва Қорқизнинг даврага ташрифи болажонларга завқ бағишлади.
Янгичек маҳалласи ҳудудидаги Замирахон Холмирзаева хонадонида «Сказка» номли оилавий НМТ ташкилотининг иш бошлаганига эндигина уч ой бўлди. Қисқа фурсатда эллик нафар кичкинтой болажон тарбиячилар Собирахон Маматалиева, Моҳибегим Жўраевалардан шеърлар айтиш, қўшиқ, рақслар ижро этишни ўрганиб олишди. Ҳатто улар турли салатлар тайёрлашни ҳам ўрганишмоқда.
Байрам эрталигида иштирок этган ота-оналар ҳам жажжиларнинг чиқишларидан мамнун бўлишди.

