БОШЛАНҒИЧ СИНФ ФИДОЙИЛАРИ
Маҳфуза Ёқуббоева мактабимизнинг тажрибали бошланғич синф муаллималаридан. Ўттиз уч йилдирки, устоз масканимизда самарали фаолият кўрсатиб келмоқдалар. Ҳар бир дарсда янгиликка интиладиган муаллима доимо изланишда. Унинг 2-«А» синфда она тили фанидан интерфаол усулда ўтган «Шахс ва нарса номини билдирган сўзлар» мавзусидаги очиқ дарси ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Машғулот давомида Алишер Маҳамадалиев, Хуршида Султонбекова, Моҳигул Мамадова, Орифжон Абдукаримов, Зиёда Дадамирзаева, Муслима Фазлиддинова каби бийрон ўқувчиларнинг жавоблари, устознинг ноанъанавий усуллардан моҳирона фойдалангани ҳамкасбларнинг эътирофига сазовор бўлди.
Яна шундай жонкуяр ўқитувчиларимиздан бири Муқаддас Фахриддиновадир. Бой ҳаётий ва касбий тажрибага эга бўлган муаллима М.Фахриддинова сабоқ бераётган 4-«А» синф ўқувчилари ҳам «Қаратқич келишиги» мавзусидаги очиқ дарс машғулотида ўз иқтидорларини намойиш этдилар. Ҳар икки машғулотда қатнашган мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Муқаддам Расулова ўз таклифларини билдирди.
Наргиза ЖЎРАЕВА,
40-мактаб ўқитувчиси.

