ҲОКИМ ВА ЁШЛАР

2019 йил якуни – 27 декабрь куни мамлакатимиз раҳбари Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар вакиллари билан учрашиб, 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлишини алоҳида таъкидлади. Бу учрашувни видеоконференция орқали мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ёшлар кузатиб борди.

Ушбу учрашувдан келиб чиқадиган вазифаларга бағишлаб туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди.

Унда сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши фаоллари, умумий ўрта таълим мактаблари, касб-ҳунар коллежларининг ёшлар етакчилари ҳамда спортчи ёшлар вакиллари иштирок этдилар. Очиқ мулоқот тарзида ташкил қилинган тадбир аввалида сўз олган туман ҳокими М.Апақов ёшларга мурожаат этиб, тинмай ўқиш ва изланиш, эгалланган билим ва кўникмаларни амалиётга жорий эта олиш, етук тажрибали мутахассис бўлиш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та муҳим ташаббусида кўзда тутилган мақсад ва вазифалар, айни кунларда амалга оширилиши режалаштирилаётган янги лойиҳалар мулоқотда баён этилди. Ўтказилган тадбирда ёшлар муҳтарам Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси ижросини таъминлашга доир ўз таклифларини билдирдилар.

Ёшлари билимдон юртнинг эртаси порлоқ ва фаровон бўлиши шубҳасиз. Ёшлар томонидан билдирилган фикрларда китоб мутолааси, кутубхоналар фаолияти, ёшларнинг адабиёт ва спортга бўлган қизиқишларини янада ошириш билан боғлиқ масалалар илгари сурилди. Ушбу йўналишларда кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида зарурий маълумотлар берилар экан, ёшлар олдида турган муҳим вазифалар, яъни илм олиш, дарс машғулотларида тўлиқ қатнашиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик каби бебошликлардан ўзини тия билиш сингари кўплаб масалаларда мулоҳазалар ўртага ташланди. Республикамизда «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастурининг қабул қилингани бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг салмоғини оширишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Учрашув давомида «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси туман филиали раҳбари С.Умаров ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар тўғрисида қисқача маълумот берди.